«Менинг кимлигимни эл билса бўлди» ёхуд гўзал феъл-атвор нишонаси
Гарчи, ушбу ғазални шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари бундан беш юз йиллар муқаддам иршод этган бўлса-да, унинг маъноси, маъвоси барча макон ва замонлар учундек.
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!
Гарчи, ушбу ғазални шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари бундан беш юз йиллар муқаддам иршод этган бўлса-да, унинг маъноси, маъвоси барча макон ва замонлар учундек. Ҳа, ҳеч шубҳасиз, шундай! Орамизда шундай инсонлар борки, фақат яхшилик қилиш, яхшилик соғиниш, яхшилик улашиш учун туғилган...
Шундай инсонлардан бири, бу – Эминжон Эгамбердиевдир. Устоз билан суҳбатлашиш ҳамиша мароқли, завқли ва бениҳоя таъсирлидир. Инсонийлик, самимият бу инсонда шу қадарки, ўзларининг таъбири билан айтганда, «яхшилик қилаверинг, Ўзи кўриб турибди», дейдилар.
Энг муҳими, бетамаъ, бенуқсон самимиятда... Кунларнинг бирида хиёбонда устоз билан уч киши турган пайтимиз эди. Кутилмаганда тўртинчи бир киши келди, суҳбатимизга қўшилган бўлди. «Тўртинчи» инсон анчадан буён кўришмагани сезилиб, обдон устозга разм солди ва деди: «Эминжон ака, воҳ-воҳ, ҳеч ўзгармагансиз-а, сиз ҳамон ўшасиз». Табиийки, устоз камтарона ва андак юморга олиб, «ҳа, мен ўшаман», деди-қўйди.
Улуғлардан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Олтин ўгитлар» китобида келади: «Гўзал феъл-атвор нишонаси 10 нарсадир: яхшилик; инсофли бўлиш; бошқа одамдан айб қидирмаслик; бирор кишида ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш; бир одам айбига иқрор бўлиб узр айтса, узрини қабул қилиш; бошқалар учун машаққатни зиммасига олиш; фақат манфаатини кўзламаслик; очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш; муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш; мулойим ва тавозели бўлиш».
Ушбу сифатларнинг бариси устозда жо. Шундан бўлса керак, устозга эргашадиганлар, у кишининг узоқ йиллик машаққатли, заҳматли ҳаёти ва ижодидан баҳра олувчиларнинг адади кўп ва хўп. Устоз илмда, фанда ўз сўзини айта олди. Ҳуқуқшуносликнинг мураккаб қирраларидан бири – фуқаролик процессуал ҳуқуқида даъво муаммолари ва у юзасидан фудаменталь ечимлар устоз номи билан, устознинг устози – Ҳожиакбар Раҳмонқулов номи билан боғлиқ бўлиб қолди!
Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёни фонида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган субъектив ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилишнинг процессуал воситаси сифатида даъво ҳамда у билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий масалаларни фуқаролик процессуал ҳуқуқ назарияси ва янги қабул қилинган кодекслар ракурсида илмий асосда таҳлил қилиб бердилар.

Илмий жамоатчилик устозни закий олим сифатида билди. Устоз қаерда ишламасин, ўзининг жонкуярлиги, атрофдаги ёшми ёки каттами – ҳамкасбларга меҳри, муҳаббати билан, дўстга, дўстларга садоқати билан ўрнак бўлиб келмоқда.
Устоз катта оиланинг, ўзимизнинг тилда айтганда, каттаси, султони, меҳрибони ҳамдир. Ушбу қутлуғ дамларда Нурхон ая билан пири бадавлат ҳаёт кечириб, авлодлар ардоғидадир. Келаётган байрам муборак бўлсин, деймиз. Шоир ёзади, ҳофиз куйлайди: «Менинг кимлигимни эл билса бўлди». Ҳа, устоз мана шундай инсон!
Миродилжон Баратов, шогирд