Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Давлатобод туманидаги 18-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернетида ўқувчилар билан “Менинг дадам – Ватан ҳимоячиси” мавзусида учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбирда ўқувчиларга божхона тизими ходимларининг масъулиятли ва шарафли хизмати, уларнинг мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Давра суҳбати шаклида кечган тадбир давомида юртимизда божхона соҳасига бўлган эътибор ва имкониятлар алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ўқувчилар ўртасида Божхона институтига ўқишга кириш тартиби, танлов босқичлари ҳамда таълим жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ўқувчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Мулоқотда, бошқарма ходими, майор Музаффар Абдуллаев касбга бўлган садоқат ҳақида сўзлади. Шунингдек, унинг фарзанди Мустафо Муродиллаев ҳам сўзга чиқиб, отасининг фидокорона меҳнати билан фахрланишини ва келажакда шундай шарафли касб эгаси бўлишни орзу қилишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА