Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги 48-ўрта мактабда ўқиганман. Мактабимиз ўша пайтларда 8 йиллик эди. Мактаб остонасида бизни кутиб олган ва уч йил давомида “Алифбе”ни ўргатган устозим – Шербобо Тошев бўлган. Қаттиққўл, жуда адолатпарвар ва талабчан устоз эди. Илк ҳаёт сабоғини, маърифатни у кишидан ўргандим. Тушунмаган, билмаган нарсалар ҳақида тортинмай сўрайверардик. Устоз жавоб беришга эринмасди, саволларимиз жавобсиз қолмасди...
Аълочи эдим, чорак баҳолари тугул, ҳатто кундалигимга ҳам “4” баҳо туширмасликка ҳаракат қилардим, тенгдошларим билан бу борада қаттиқ мусобақалашардик. Ўқишга иштиёқ жуда кучли бўлган бир даврлар эди. Ҳар йили бир неча фан олимпиадаларида қатнашардик. Биологиядан чиқиб кимёга, ундан сўнг тарихга кириб кетаверардик. Одатда, ҳар йили олимпиадаларга қатнашувчилар бир хил бўларди. Бундай ўқувчиларга ўқитувчиларнинг муносабати ҳам ўзгача эди. Шунинг учун 7-8 синфларда баъзи дарсларини ишониб, бизга топширишарди, ўзимизникиларга дарс ҳам ўтганмиз. Ҳозир эслаб, қойил қоламан – уларнинг фидойилиги, сабр- тоқати бошқача эди-да. Агар бирон мавзуга тушунмай қолсангиз, дарсдан сўнг қолиб, соатлаб тушунтириши мумкин, вақтини қизғанмайди, ҳеч қаёққа шошмайди. Уларнинг асаблари ҳам темирдек мустаҳкам бўлганмикин, деб ўйлайман.
Москвада ўқиб юрган пайтларим, кейинчалик ишлаганимда ҳам таътил вақтларида устозларимдан хабар олиб турардим. Охирги марта ўтган йили мактабимни зиёрат қилдим.
Олий ўқув юртларида яна кўплаб устозлардан таълим олдим. Илм-фан дарғалари, академиклар, профессорларнинг сабоқлари бир умр хотирамга муҳрланган. Улар олдида ўзимни қарздор ҳисоблайман ва барча устозларимга таъзим қиламан!
Худайназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва
биотехнология университети ректори, биология фанлари доктори, профессор.
ЎзА