“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Менинг биринчи кутубхонам” лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа доирасида мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами муносабати билан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 588-сонли мактабгача таълим ташкилотига болаларга мўлжалланган энг сара адабиётлардан иборат китоб жавони тақдим этилди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад миллий контентни ривожлантиришда болалар китобхонлигини қўллаб-қувватлаш, болаларнинг мурғак ёшидан бошлаб ота-оналари билан биргаликда китоб ўқишни аҳоли ўртасида оммалаштириш, оилавий мутолаа анъанасини ривожлантириш, китобхон ёшлар сафини кенгайтириш ва бу орқали болаларнинг дунёқараши, маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётларни чоп этаётган нашриётларни моддий ва маънавий рағбатлантиришдан иборат.

Тақдимотда китоб муаллифлари ўз асарларини болаларга ўзлари ўқиб берди. Тадбирда иштирок этган ота-оналар ҳамда тарбиячилар учун маҳорат дарслари ўтказилди ва болалар учун китоб танлаш ҳамда уларни ўқиб беришда нималарга эътибор қаратиш кераклигига оид маслаҳатлар берилди.


Ҳар куни болага китоб ўқиб бериш унинг тил ривожи, миянинг меҳнат қобилияти ва мактабга тайёргарлигида сезиларли натижа беради. Шу боис ҳам ёш авлодни китобга қизиқтиришнинг дастлабки даври 0-3 ёшгача этиб белгиланган. Ўзбекистонда эса болаларни китобга қизиқтириш даври 3 ёшдан бошланади. Халқаро тажрибада 0-3 ёшгача бўлган давр болаларни китобга қизиқтиришнинг муҳим босқичи ҳисобланади.

— Сўнгги вақтларда боғчалар ва мактаблардаги кутубхоналар ҳолати юзасидан депутатлар корпуси билан олиб борилган ўрганишларимиз ўзбек тилидаги замонавий, миллий болалар адабиётига талаб жуда катта эканини кўрсатди, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Болаларимиз аввало, ўзини, тилини, тарихи ва маданиятини таниб ўсиши учун уларга миллий ва умуминсоний қадриятлардан сабоқ берувчи болалар адабиётларини тақдим этиш лозим. Сўнгги йилларда китоб бозоримиз ҳам анча фаол ривожланмоқда. "Менинг биринчи кутубхонам" лойиҳаси доирасида уйча кўринишидаги жавонларимизни боғчаларга етказишни бошладик. Жавонларимизда 0-7 ёшгача бўлган ўзбек ва жаҳон болалар адабиётининг энг сара дурдоналари ўрин олган. Биз бу китоб жавонларини фақат шаҳар эмас, чекка қишлоқлардаги боғчаларга ҳам етказамиз. Зеро, фарзандларимиз дунёни, она Ватанини ўз тили, ўз адабиёти орқали англасин. Ватан учун, миллат учун, халқ учун хизмат қиладиган, мустақил фикрлайдиган фарзандлар камол топсин!

Дарҳақиқат, “Менинг биринчи кутубхонам” лойиҳаси доирасидаги илк тадбирда мактабгача таълим ташкилотларига 63 номдаги 630 дан зиёд адабиётлар тақдим этилди. Лойиҳа мамлакатимизда болалар учун чоп этилаётган адабиётлар билан нафақат болаларни, балки уларнинг ота-оналарини ҳам яқиндан таништириш, мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек ва жаҳон адабиётига мансуб болалар учун мўлжалланган китоб жавонларини ташкил қилиш ҳамда бу ташаббусни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ва болалар адабиёти тарғиботига кўмаклашишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА