English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Менинг армиям – менинг фахрим!” танлови ғолиблари тақдирланди
18:05 / 2024-01-09

ФОТОРЕПОРТАЖ

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Менинг армиям – менинг фахрим!” мавзуида ўтказилган энг яхши тасвирий санъат асарлари танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ва ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда таниқли рассом ва ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, талаба ва ўқувчи-ёшлар ўзларининг ватанпарварлик, ҳарбий қасамёдга содиқлик, Қуролли Кучлар салоҳиятини, ҳарбий хизмат ва ҳарбий бурчни тасвирлаш каби мазмундаги ижодий ишлари билан қатнашди. 270 дан зиёд муаллифнинг рангтасвир ва графика йўналишидаги ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси акс эттирилган 400 дан ортиқ ижодий иши танловга қабул қилинди. Ғолиблар профессионал ҳамда ҳаваскорлар йўналишида аниқланди. 

[gallery-15382]

Кўргазма очилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамдам Қаршиев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбарияти, Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар, ёшлар, рассом ва эркин ижодкорлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Танлов ва кўргазма Ватан ҳимоячиларининг ижобий тимсолини яратиш, халқ ва армия бирдамлигини кўрсатиш, ёш авлодни ватанпарварлик, юртга содиқлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти ва ўрнини кенг тарғиб этиш, бешта муҳим ташаббус доирасида ёшларни санъатга, рассомчиликка бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Тадбирнинг бадиий қисмида Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари, Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестрлари жамоаси ўз чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этди.

Камола ЮСУПОВА, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА