Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Мени ўқирлар ва унутмаслар..." – дунё олимларини таъсирлантирган ўзбек адиби
19:15 / 2021-03-15

Ҳар бир адибнинг ҳаёти ва ижодини янада кенгроқ ўрганиш олий таълим муассасаларига бириктирилди. Тошкент давлат техника университетига севимли адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганиш белгиланганлиги айни муддао бўлди.

Улуғ адиб Абдулла Қодирийни ўзбек романчилигининг асосчиси сифатида қадрлаймиз ва асарларини севиб ўқиймиз. Адибнинг «Ўткан кунлар» романи 1926 йилда чоп қилингандан кейин бошқа халқларнинг олимлари, адиблари ва китобхонлари ҳам Абдулла Қодирийга ўзларининг ҳурмат-эҳтиромларини изҳор этиб келишмоқда.

Таниқли рус шарқшуноси, академик Евгений Бертелсўша даврдаёқ романга юксак баҳо берганди: «Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романидир. Дунёда бешта, яъни: француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди».

Туркман ёзувчиси Хидир Деряев эса бу романнинг ўз ижодига қандай таъсир этганини шундай ифода этганди: «Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи менда бир умрга унутилмас таассурот қолдирган ва илҳом бағишлаган. Шундан кейин менда туркман халқининг ўтмиши ҳақида роман ёзиш иштиёқи туғилди. Катта ният билан «Қисмат» романим устида иш бошладим». Машҳур қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовнинг фикри ҳам эътиборга лойиқ: «Абдулла Қодирий юксак романлар яратди. Унинг романлари 20 йилларда гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғи вужудга келгандай пайдо бўлди».

1961 йилда «Ўткан кунлар» романини ўқиб чиққан лвовлик Люда Неломняшедан Абдулла Қодирий номига мактуб келади. У романдан шундай таъсирланган эдики, адибни ҳаёт деб ўйлаб, тирик одамга мурожаат қилгандай мактуб ёзган: «Абдулла Қодирий! Биласизми, китобингизнинг севимли қаҳрамонлари билан жудолашиш менга нақадар оғир! Воқеа ўтмишдир, шундай эсада, у менинг юрагимда сира-сира унутилмас таассурот қолдирди ва ишонтира оламанки, бу таассурот ҳамма китобхонда ҳам бирдайдир. Шу кунгача менга номингиз таниш эмасди. Энди «Ўткан кунлар»нинг ҳар бир сатрини, умуман асарларингизнинг ҳаммасини қайта-қайта ўқишга тайёрман... Билсангиз эди, Отабек ҳақида яна бирон нарса ёзиб беришингизни жуда истайман!»

Бу сўзлар бадиий асар мўъжизаси ва мактуб эгасининг самимийлигининг ифодаси. Негаки, яхши асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳеч қачон ўлмайди.

Нега роман нашрдан чиққан даврдан шундай эътирофларга сазовор бўлган ва бўлмоқда? Чунки романда юртимизнинг ўн тўққизинчи аср ўрталаридаги тарихи, ҳаёти, маданияти, урф-одатлари бадиий тарзда катта маҳорат билан тасвирланган. Буни немис адабиётшуноси Герхард Беркл яқинда Германия онлайн порталида берган фикрида мухтасар ифодалаган: «Ўткан кунлар» романи ўзбек халқи тарихидаги энг муҳим даврлардан бирини қамраб олган. Роман ўзбек халқининг маданияти, қадрияти ва урф-одатлари тўғрисида билмоқчи бўлганлар учун бебаҳо маданий манба сифатида катта аҳамиятга эга».

Дарҳақиқат, кўпчилик «Ўткан кунлар» романи асосида 1969 йилда яратилган фильмни кўргани учун роман Отабек ва Кумуш муҳаббатига бағишланган дея ўйлайди. Тўғри, романда Отабек ва Кумуш, Алим ва Саодат соф муҳаббати тараннум этилган. Бироқ, «Ўткан кунлар» китобини диққат билан ўқиганлар кўз олдида халқимизнинг бундан 150 йил илгариги ҳаёти гавдаланади. Романдаги бобларга «Истиқлол дарди», «Инқилоб», «Қоронғи кунлар» каби сарлавҳалар бежиз қўйилмаган. Ўша даврдаги юртимизда юз бераётган ички низолар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабекка айтган сўзлари орқали ифода этилади: «Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилаолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсак яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғувчи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим!..»

Романда ёзилгандай, халқимиз истибдод даврининг 130 йилдан ортиқроқ қаро кунларини бошдан кечирди. Ҳақиқатни очиқ-ойдин дадил ёза олган адиб 1926 йилдаёқ мустабид тузум ялоқхўрлари томонидан ҳибсга олинди. Етарлича туҳмат тўплай олишмагани учун халқимиз ҳурматини қозонган адиб кўп ўтмай озод қилинди. Аммо бошқа маърифатпарварларимизга бўлгани каби Абдулла Қодирийга ҳам қарши зимдан иш олиб борилди ва мустабид тузум хизматкорлари 1938 йил 4 октябрь куни қаро ниятларини амалга оширди. Бу билан улар Абдулла Қодирий номини, асарларини халқимиз ёдидан ўчиришмоқчи эди.

Севимли адиб ўзи ёзганидай: «Мени ўқирлар ва унутмаслар». Халқимиз ҳар қандай тақиқларга қарамасдан севимли адибини унутмади, асарларини ўқиди. Романдаги қанотли сўзлар ўқувчилар ўртасида ёд бўлиб кетган десак муболаға эмас: «Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар», «Сиз ўшами?», «Сийлаганни сийлаш керак», «Бу соқол шу эл қайғусида оқарди», «Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрган эканмизда»... Шунингдек, романда халқимизнинг китобхонлик маданияти юксаклигини кўрсатувчи лавҳалар кенг ўрин олган: “(Отабек) жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди.

– Фузулий яхши китоб, – деди Кумуш, – ман ҳам ёлғиз қолган кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?»

Абдулла Қодирийнинг адабиёт олами кенг. Шу боис унинг «Ўткан кунлар» романига мухтасар тўхталишга ҳаракат қилдик. Адибнинг «Меҳробдан чаён» романи, «Обид кетмон» қиссаси, «Бахтсиз куяв» драмаси, «Миллатимга», «Фикр айлағил» сингари шеърлари, «Улоқда», «Калвак Махсумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» каби ҳикоялари, матбуотда чиққан ҳар бир мақоласи, рус ёзувчиси Гоголнинг «Уйланиш» комедияси ва Ғарб ёзувчилари ҳажвий ҳикояларидан қилган таржималари ҳақида ҳам ҳаяжон билан узоқ фикр юритишимиз мумкин.

Умуман олганда, адибимизнинг ҳар бир асари она тилимизнинг бетакрор жозибасидан баҳраманд қилади. Унинг ўша даврда она тилимиз ҳимояси учун айтган сўзлари ҳамон жаранглаб турибди: «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзлари камбағал. Улар ўз нодонликларин ўзбек тилига тўнкамасинлар». Адибимиз ўз асарларида она тилимизнинг бой тиллардан бири эканлигини исботлаши баробарида 1934 йилда Қозонда босилган «Тўла русча-ўзбекча луғат»ни тайёрлашда фаол қатнашганди.

Биз Абдулла Қодирийнинг билим олишга бўлган ташналигидан ҳам ҳар қанча ибрат олсак арзийди. У болалигида мусулмон мактабида, ўсмирлигида рус тузем мактабида ўқиди, йигитлигида Абулқосим шайх мадрасасида, ўттиз ёшларида Москвадаги адабиёт курсида таҳсил олди. У Шарқ адабиётини мунтазам ўқиши билан бирга рус тилини билгани учун Ғарб адабиёти дурдона асарларини мутолаа қиларди. Китоб мутолааси эса тафаккурни чархлайди, маънавий хазинани бойитади.

Буюк адибимиз мустақиллик йилларига келибгина эъзозланди, асарлари бутун бўй-басти билан кўз олдимизда намоён бўлди. Тошкентнинг катта кўчаларидан бирига, унга туташ маданият ва истироҳат боғига ҳамда метро бекатига Абдулла Қодирий номи берилди. 1991 йилда беназир асарлари Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. 1994 йилда Абдулла Қодирий «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди. Эндиликда унинг асарлари қайта-қайта нашрдан чиқмоқда. Асарлари асосида фильмлар тасвирга олинди, спектакллар қўйилди. 2019 йилда адибнинг қадрдон боғида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейи очилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидай: «Бу мактабдан миллатпарвар, ўзини англаган авлод камол топишига ишонаман».

2020 йил 20 май куни адабиёт мухлислари илк бор Адиблар хиёбонида Абдулла Қодирийга қўйилган ҳайкални зиёрат қилишди.

Тошкент давлат техника университети ўтган даврда хиёбондаги Абдулла Қодирий ҳайкали пойида мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келмоқда. Ҳар гал адибнинг ҳаёти ва асарларига оид янгидан-янги маълумотларни билиб олаяпмиз. Зеро, севимли адибимиз ҳаётини ўрганиш, асарларини ўқиш юртимиз, жаҳон адабиёт мухлислари қаторида университет ўқитувчи-талабаларининг ҳам маънавий вазифасидир.

Моҳинур Мўминова,

Тошкент давлат техника университети

Электр энергетика факультети талабаси