Ҳашаматли бинолару, замонавий уйлар... Юртдошларимизга яратилаётган шароитлар албатта қувонарли. Бироқ танганинг иккинчи томони бўлгани каби «Баъзи пудратчилар томонидан қурилаётган уйлар гўё «мендан кетгунча, эгасига етгунча…” қабилида қурилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, уйлар пишиқ-пухта, аниқ лойиҳа асосида қурилиши шарт. Ахир уйдан инсонлар узоқ йиллар давомида фойдаланишади, унда хавфсиз ва хотиржам яшашлари зарур.
Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги ўртасида имзоланган Меморандум асосида, жойларда қурилиб фойдаланишга топширилган ва қурилиши давом этаётган бино ва иншоотлар кузатув-ўрганиш ишлари олиб борилди.
Наманган вилояти Учқўрғон туманида мониторинг ишлари олиб борилганда, «Ўрда Боғ» маҳалласида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жойлари 2019-2020 йилларда фойдаланишга топширилган.
Мазкур бино қурилиши «Шох ва Нур қурилиш» МЧЖ томонидан олиб борилган бўлиб, хонадонлар топширилганига бир йил бўлмасдан, ички ва ташқи қисмларида, бино фасад деворлари нураб пардоз ишлари айрим қисмлари яроқсиз холатга келиб қолганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, бино ташқи фасади учун ишлатилган кафеллар икки хил рангда бўлиб, кўпчилиги цинган. Бино эшиклари эса талаб даражасида ўрнатилмаган. Айрим хонадоннинг ички қисмларида ванна, унитаз, умивальник, газ плита жиҳозлари умуман ўрнатилмаганлиги ҳамда баъзи фуқаро томонидан 2020 йил декабрь ойидан буён кредит тўловларини амалга ошириб келаётганлиги ва ҳалигача ажратилган уйга кириб яшашга шароит йўқлиги аниқланди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати