Навоий шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят бирлашмаси томонидан “Мен ёш истеъмолчиман” мавзусидаги республика иншолар танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш орқали аҳолининг, айниқса, ёшларнинг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш, энг зукко ва иқтидорли истеъмолчиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда вилоятдаги умумтаълим мактабларидан 700 нафарга яқин ўқувчи иштирок эди.
Танловнинг туман босқичида 1-, 2- ҳамда 3-ўринни қўлга киритган ўқувчилар вилоят босқичида ўзаро беллашди ва энг яхши деб топилган иншолар республика босқичига тавсия этилди.

Якуний натижаларга кўра, Учқудуқ туманидаги 20-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳноза Ризақулова ва Хатирчи туманидаги ихтисослашган мактаб ўқувчиси Лазиза Аҳмадова танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли йўналишлар ғолиблари муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири