Бугун Олмалиқ давлат техника институти ташкил этилгани муносабати билан кенг жамоатчилик иштирокида “Мен Янги Ўзбекистон талабасиман” мавзусида илмий-маърифий анжуман ўтказилди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, чет эллик меҳмонлар, ота-оналар ҳамда талабалар иштирок этди. Анжуманда талаба-ёшларга сифатли таълим, илмий-амалий фаолият ва инновацион ғояларни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилаётгани айтилди.

Маълумки, Олмалиқ давлат техника институти Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори асосида Тошкент вилояти иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларида, жумладан, муҳандислик, металлургия, ишлаб чиқариш, кончилик соҳаларида замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
ОДТИ ташкил этилганининг дастлабки кунлариданоқ институт ривожланиш Концепцияси ишлаб чиқилди.
Ҳозирда институтда 6 мингга яқин талаба 11 та йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Ёшларга таълим бераётган 165 нафар профессор-ўқитувчилардан 78 нафари илмий даражага эга.

Қисқа давр ичида ОДТИ 15 га яқин давлатлар: Хитой, Япония, Малайзия, Туркия, Эрон, Венгрия каби давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари ва саноат компаниялари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолашга эришди.
Анжуман доирасида талабаларнинг қасамёд маросими ҳам ўтказилди. Улар Ватанга садоқат, билим олишда масъулият ва жамоат манфаатларига хизмат қилиш ҳақида тантанали қасамёд қабул қилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА