Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мен ватанпарварликни қандай тушунаман?”
15:43 / 2025-11-24

Ўзбекистон Республикаси Хавфсизлик ва мудофаа университетида ташкил этилган мулоқот ҳар бир иштирокчи ушбу саволга жавоб топишга уриниб кўргани билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Ватанпарварликни юксалтириш: илмий-назарий асослар, миллий анъаналар ва замонавий ёндашув” мавзусида республика миқёсида ўтказилган ушбу илмий-амалий конференция самимий ва жонли мулоқот тарзида ташкил этилди.  

Видеоконференция тарзидаги маърифий тадбирда мамлакатимизнинг 97 та ўқув масканидан 15 минг нафардан зиёд ёшлар қатнашиш имкониятига эга бўлди.  

Анжуман аввалида ёш мухбирлар томонидан тайёрланган  “Ватанпарварликни мен қандай тушунаман?!" номли  видеолавҳа намойиш этилди. Ҳаётийлик ва реалликка асосланиб тасвирга олинган ушбу видеолавҳа тили, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, барча юртдошларимизнинг ватанпарварлик ҳақидаги тушунча ва тасаввурларини ҳаққоний, борича акс эттиргани билан иштирокчилар эътиборини жалб этди.  

Ўзбекистон Республикаси Хавфсизлик ва мудофаа университети  бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов  бугун дунё шиддат билан ўзгариб бораётган мураккаб бир даврда ёшларни ҳақиқий ватанпарвар инсонлар этиб камолга етказиш ғоят муҳим эканини таъкидлади.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат  музейи директори, полковник, тарих фанлари доктори Бахтиёр Ҳасанов ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда тарихнинг ўрни ва аҳамияти хусусида гапирди.  

– Ўтмишда юз берган ҳолатларнинг сабабларини ўрганиш, истиқлолнинг қадрига етиш, унинг нақадар олий неъмат эканини теран ҳис қилиш учун ҳам тарихни билиш муҳимдир, – деди Бахтиёр Ҳасанов. –  Шу сабабли давлатимиз раҳбари ғояси асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида музейимизнинг филиаллари ташкил этилди. Уларда жадидларнинг  истиқлол йўлида азиз умрини бағишлаганига оид маълумотлар бор.

–  Ватанпарварлик қонга, жонга, юракка жо бўлиши керак, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Аслида, ижодкорнинг уйғоқ қалами, ҳар бир юртдошимизнинг Ватан равнақи йўлидаги ҳалол меҳнатлари,  ёшларимизнинг яхши ўқиши, намунали хулқи, истиқлол неъматларининг қадрига етиши ҳам ватанпарварлик намунасидир.  

Анжуманда олимлар, ижодкор зиёлилар жадидчилик даври миллат ойдинларининг  ватанпарварлик ибратини маърифат асосида қайта тикланиши, ватанпарварликни юксалтиришда миллий, тарихий мероснинг ўрни, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини оширишда  миллий қадриятлар ва анъаналарнинг аҳамияти хусусида батафсил сўзлади.  

“Турон” театр-студияси томонидан театрлаштирилган бадиий дастур намойиш этилди. Мазкур университетга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий адабиётларнинг муҳташам тўплами туҳфа этилди.  

Анжуман талаба-ёшлар, ўқувчилар, ҳарбий билим даргоҳи курсантларида катта таассурот қолдирди.  

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири