“Ватанпарварлик” ойлиги доирасида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “XXI аср академияси” хусусий таълим ташкилотида “Мен Ватаннинг бўлажак ҳимоячисиман!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, таълим ташкилоти тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида болаларда мардлик, жасорат ва Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбир очилишида сўзга чиққанлар ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва мардлик анъаналари руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбир давомида болажонлар томонидан ватанга муҳаббат, юрт ҳимоячилари – ҳарбийларга ҳурмат мавзусидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тинчлигимиз, она юрт, давлатимизнинг муқаддас рамзлари – байроғимиз, мадҳиямизни мадҳ этувчи шеърлар айтилди, қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Айниқса, уларнинг ҳарбий машқларни бажариш бўйича чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбирда иштирок этган болажонлар таълим ташкилоти маъмурияти томонидан рағбатлантирилди.
Ушбу тадбир болажонлар қалбида она юртга муҳаббат, ватан ҳимоячиларига ҳурмат, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА