Бўлиб ўтаётган бугунги сиёсий тадбир юртимиз, халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим паллага кирди.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 701-сайлов участкаси фуқаролар билан гавжум. Юртдошларимизнинг юзидаги кўтаринки кайфиятни кузатиб, байрамга келаётгандек қувончни кўрасиз.
– Мен учун сайлов байрам, – дейди "Хислат" маҳалласида яшовчи Дилобар Абдуаҳатова.
– Бутун маҳалла аҳли боряпти, нақд байрам дейсиз! Сайловда муқаддас Ватанимиз тинчлиги, юртимиз тараққиёти учун берилган менинг овозим ҳам, албатта, ҳисобга олинади. Бугун сайловга фарзандларим, оила аъзоларим билан келдик. Ҳар биримиз ўзимиз маъқул топган номзодга овоз бердик.

–Сайлов участкамизда сайловчилар сони 2 минг 609 нафарни ташкил этиб, шундан 268 нафар ёш илк марта иштирок этмоқда, – дейди 701-участка сайлов комиссияси раиси Анвар Ирисов.
– Турли асосли сабабларга кўра сайловда муддатидан олдин иштирок этишни истаган 29 нафар фуқаронинг ҳам талаби қондирилди. Шуни ҳам айтиш жоиз, сайловчиларнинг 58 нафари соғлиғи ва жисмоний имкониятига кўра уйда овоз беришини аниқладик. Улар ҳузурига сайлов бюллетенларини олиб борадиган комиссия аъзоларини тайинладик.
Фуқароларнинг сайловни ўтказиш ва унинг ташкилий жараёнлари бўйича ҳар бир мурожаати участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан ўрганилиб, асосли тарзда ҳал этиб борилмоқда. Сайлов участкасида сокин мусиқа янграб турибди. Барча кўтаринки кайфиятда.
Бу йилги сайлов ҳақиқатан ҳам байрам шукуҳида ўтмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА