Одамлар китоб ўқимай қўйди, деган гапни кўп эшитамиз. Аммо мен бу гапга ишонмайман.
Одамлар ҳамма вақт китоб ўқишади. Шундай бир мураккаб даврлар бўладики, одамлар ундан бироз узоқлашадилар, бутунлай узилмайдилар.
Бугун ёшлар китобдан интернетни афзал билади, деган даъволар бор. Эҳтимол. Аммо китобнинг электрон шакли ҳам бор. Аслида интернет ҳам илмдир. Шундай экан, ёшларни билимсизликда, китобдан узоқлашганликда айблаб бўлмайди. Мутолаани севадиганлар кўплигига ишонаман. Вақт ғоят қимматли нарса. Мутолаага кетадиган қимматли вақтингизни том маънода ҳузурли лаҳзаларга айлантирмак учун ушбу саҳифа сизга яқин кўмакчи бўлади. Чунки биз сиз, азиз ўқувчиларга энг сара асарларни танлашда ёрдамчи бўламиз. Айрим ноширларнинг айтишларига қараганда, поэтик асарларнинг сотилиши душвор эмиш. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси шеърларни қандай тақдим қилишга боғлиқ. Буни қаердан ҳам билардинг, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Буни биламан, ўз тажрибамдан, кузатишларимдан келиб чиқиб, ишонч билан айта оламанки, орамизда шеърият ихлосмандлари кўп.
Шеърда сеҳр бор. Мен бир неча юзлаб инсонлар ўтирган залда шеър ўқилганида пашша учса эшитиладиган сукунатнинг гувоҳи бўлганман. Мен асл шеър янграганида буюк дарё каби гувранган одамларни кўрганман. Шеърда сеҳр бор, шеърда мудроқ дилларни уйғотгувчи қудрат бор. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижодида, шеъриятида ана шундай сеҳр, қудрат бор:
Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен,
Жаранг берсам қир-даласи уйғонар…
Ҳалима Худойбердиева ҳақида кўп ёзилди. Мен улар қаторида янги бир сўз айтишим қийин. Ундан кейин бу улкан ижодкор ҳақида ёзиш учун ўзимни кўп-да ҳам ҳақли деб билмайман. Мен шунчаки шоира ижодини жуда севаман, ижодига эҳтиромим юксак.
Ўтмишда халқимиз кўп жафоларни бошидан кечирди. Яқин ўтмишимизда, тинчлик даврида «совет армияси» сафларидан темир тобутда келтирилган фарзандлар ғам-андуҳи, кулфати шоирни бефарқ қолдирмади. У она эди, она шоир эди. Шунинг учун бу улкан ғамни бор даҳшати билан қалбидан ўтказди, бор даҳшати билан ҳис қилди ва қоғозга тўкди:
«Кўнглимда кўнглимнинг минг синиғи бор,
Кўнглимда ғамларнинг ўткир тиғи бор.
Йиғи бор, олдинда катта Йиғи бор,
Элнинг болалари ўлмас бекорга.
Обдан ювган билан ювиларми қон,
Қотилидан қочиб йўлга чиққан жон.
Тобутлар сарсон, армон-а, армон,
Бу болалар қони ёзилмас қорга.
Бу кун тинч денгиздай қалқсанг-да тек, жим,
Қаърингдан ўкириқ келмоқда, халқим.
Эртага бу жонсиз болалар қалқиб
Жонли виждонларни тортажак дорга!»
Ҳа, бу яқин ўтмишимизда юз берган эди. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи Январ Иноятов ўша давр ҳақида сўз кетганида шундай воқеани айтиб берган эди: «Деҳқонобод туманида ишлар эдим. Бир қария бўларди, жуда ўктам, гап келса, ҳеч кимни аяб ўтирмас, камчиликларни шартта юзингга айтарди. Шу сабабли у кишини эслаб қолган эдим.
Бир куни ишлаб ўтирсам, кабинет эшиги тарақлаб очилди-ю, остонада ўша қария пайдо бўлди. Аввалги ўктамликдан асар йўқ, ранги бир аҳволда, остонадаёқ: «Болам, болам…» деди-ю, гурсиллаб ағдарилди. Бошидан салласи учиб, ёйилиб кетди… Совет армиясида хизмат қилаётган ўғли нобуд бўлган экан. Орадан кўп йиллар ўтди. Аммо ўша полда ёйилиб кетган салла, гурсиллаб дарахтдек қулаган оппоқ сочли қария ҳеч ёдимдан кўтарилмайди…»
Халқнинг, миллатнинг бу чўнг дарди Ҳалима Худойбердиеванинг ўтли сатрларида бўй кўрсатган. Шоир эрк, ҳурриятни энг юксак пардаларда куйлади. Ҳаётининг сўнгги йилларида шундай ёзган эди:
«Бари ёлғон,
Шу йўлгина чин.
Бу йўлда юрмайсан, учасан.
Фақат унда кетмоқлик учун
Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.
Отланаркан тонг ёки кечда,
Ичга тўлдир озодлик куйин.
Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,
Бошдан-оёқ, ҲУРЛИКни кийин!
ЭРКка тўйин!»
Билгич одамларнинг айтишича, шоирлар шеър ёзганларида ўз дардларини, қалб кечинмаларини қоғозга тўкар эканлар. Ростдан ҳам шундаймикан? Нега унда унинг дарди менинг дардимга ўхшайди, кечинмалари худди менимдек, қувончи менинг қувончимдек?! Йўқ, бундай бўлмаса керак. Агар бу кечинмалар, туйғулар ёлғиз бир кишига тегишли бўлганида ҳамма шеър ёзарди. Аммо ҳамма ёза олмайди. Қанча кўп китоб ўқисам ҳам, минглаб сатр шеърларни ёд олсам ҳам мен бир мисра шеър бита олмайман. Чунки менга илоҳий илҳом берилмаган. Илоҳий илҳомлар билан айрим инсонларгина сийланган. Ҳалима Худойбердиева ана шундай айримларнинг, танланганларнинг биридир.
Баъзан кичиккина бир шеър қалбингни остин-устун қилиб юборади. Мен шоирнинг бир қатор шеърларини такрорлаб юришни ёқтираман. Бугун эса биттасига тўхталмоқчиман. Аслида унинг ҳар бир шеъри, тўртликлари алоҳида-алоҳида оламдир. Бироқ «Бу кунларга етганлар бор» китобига киритилган «Бир ўрим соч тарихи» мендан тобора узоқлашиб бораётган ёшлик хотираларини ёдга солиши билан беҳад қадрлидир.
«Бир ўрим соч тарихи» кичик достон бўлса керак. Мен аввал шеърга эътибор бермадим. Пастдаги ёзувларни ўқий бошладим:
«…бу – Сайрам бахшининг урчуқ йигириб ўтириб, айтган «Бир ўрим соч тарихи»нинг айтуви. Кўкайим куйиб, кўз ёшларимни зўрға тийиб, «Холажон», дейман.
«Жон, болам», дейди.
«Бошқа айтувларингиздан айтинг», дейман.
«О, улар менинг нолам-ку! Нола эшитишга тоқатларинг йўқдиров, болам», дейди.
«Айтақолинг», дейман.
«Ундай бўлса, – дейди Сайрам бахши, – ўрмакнинг эриш-арқовларини йиғиштириб, мен бир ғажарининг ипини йигириб қўювдим. Ҳозир шуни қурамиз. Сен эришини югирасан, мен ўрмакнинг кузувини боғлаб ўтириб, бу қаттиқ бошимдан ўтган-кетган айтувларимдан бирди-ярмини айтсам айтақолай», дейди-да, навбатдаги айтувини бошлайди…»
Ҳа, мен аввал шеърга эътибор бермадим. Мени шу парчанинг ўзиёқ ўзига оҳанрабо каби тортиб олди. Шу парчада онам бор эди, олис болалигимни кўрдим! Урчуқда ип йигираётган онам, хаёлларига банди бўлиб, атроф-оламни унутган онам… Атроф-оламни унутганини қаердан билишимни биласизми? Мен бола эдим. Баъзан онамнинг урчуқ йигиришига қараб ўтирар эдим. Бир вақт унинг кўзларидан бир томчи ёш юмалаб тушди, яқинроқ бордим, иккинчиси юмалаб тушди…
«Йиғлаяпсизми?» дедим.
«Йўқ, нега йиғлайман?», деди менга қарамасдан.
«Унда бу нима?» дедим иягида илиниб қолган кўз ёшини қўлларим билан сидириб.
«Ипнинг чангидан...» деди бир лаҳза урчуқ йигиришдан тўхтамай.
«Ипнинг чанги нега менинг кўзларимга кирмайди?» дедим ҳайрон бўлиб.
«Чанг фақат катталарнинг кўзига киради…», деди маъюс жилмайиб.
Ҳовлида ўрмак ўрнатиларди. Гиламга «Чумчуқ кўзи» нақшини солиб тўқирди. Ўша пайтлари ҳам «от устида ўтиргандай ўрмак устида ўтириб» гилам тўқиётганида «кўзларига чанг кирганини» кўрганман. Ва шундай қўшиғи бор эди:
Оқ шойидан кўйлагим, кўк шойидан кўйлагим,
Золим ёрнинг дастидан зардоб бўлган юрагим…
«Золим ёр» эрта кетиб, кеч қайтадиган, биз деярли кўрмайдиган, умрининг катта қисми одамлар ташвишида дала-даштда кечган отам эканлигини қаердан билибман. Ҳозир ҳам «чумчуқ кўзли» нақшлар бормикан, онам қўлларининг изи қолган гиламлар бормикан, ҳозир ҳам кимдир урчуқда ип йигирармикан?..
Қаранг-а, бир шеър мени не кўйларга соляпти?! «Бир ўрим соч тарихи» бир қизнинг армонли… Йўқ-йўқ! Бу тарихни айтиб бермоқчи эмасман. Буни ўзингиз ўқинг. Ҳалима Худойбердиеванинг танланган асарларида ҳам бор бу шеър.
Ўқиймиз:
«Ё фалак, бошимга солдинг не кунлар,
Кўзимнинг ёшини тиндирмадинг-а.
Умримга тошлардан тушди тугунлар,
Бирини ечмадинг, синдирмадинг-а!
Етимлик кўйлагин кийдирди Онам,
Увуз этимдаёқ куйдирди Онам,
Ўз тенгига никоҳ қийдирди Отам,
Шўрим эй, отамга тенгқурмидим-а!»
Аёл дарди… Урчуқ иплари каби узун, ўрмакнинг эриш-арқовларига сингиб, гўзал нақшларга инган ғам, умид каби ёруғ ранглар, кеча-кундуз, йўллар каби адоқсиз ўйлар. «Қарасам…бир ўрим сочим, теккан қон – Эл тинди, ел тинди, мен тинмадим-а!»
Бу қандай соч эди, қон теккан соч? Билишни истасангиз (билишингиз керак, албатта), «Бир ўрим соч тарихи»ни ўқинг. Жавонингизни, қолаверса, қалбингизни бебаҳо сайланма, жавоҳир билан бойитинг!
Инобат ИБРОҲИМОВА,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва
оммавий коммуникациялар департаменти ходими.