_
Мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи
бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёев
Мустақиллик, ҳурлик, бировларга қарам бўлмаслик – энг улуғ бойлик. Ҳар он, ҳар лаҳза шукр қилишга арзийдиган неъмат.
Шу боис ҳар бир халқ учун мустақилликка эришган кун азиз сана, байрам ҳисобланади. Байрамлар кўп, аммо мустақил бўлган кун шукуҳи, файзи ўзгачалигини қалб-қалбдан ҳис қилиб турасан киши.
Ўзбекистон!
Мустақил Ўзбекистон!..
Қандай жарангдор сўзлар!.. Бундай сўзлар шунчаки тишлар орасидан сирғалиб чиқмайди, қалбдан булоқдек отилиб, жаранглайди, борлиққа акс-садо беради. Такрорлаганинг сайин руҳинг кўтарилади, такрор, қайта-қайта эшитишдан чарчамайсан.
Сабаби, унда тинч-осойишта ҳаётинг, нурафшон тонгинг, чароғон тун, хотиржам уйқунг бор. Унда оила ва яқинларинг бахти, болажонлар кулгуси, халқинг фаровонлиги, миллатлар аҳиллиги бор. Унда кечаги, бугунги ва эртанги кунлар солномаси, силсиласи бор...
Болаликда оналаримиз айтган алла, оталаримиз ҳикматлари, бобо-момоларимиз ўгит-насиҳатлари орқали қалбимизга Ватан ҳисси жо бўлган бўлса не ажаб.
Ота ҳовлимиздаги супа шифтига неча йиллардан бери ин қўядиган қалдирғочлар ҳар йил эрта баҳор уйимизни адаштирмай, топиб келишади. Улар шу ерда ин қурадилар, бола очадилар, полапонларини учирма қиладилар. Бир йили уйни бошдан-оёқ таъмирлаб, дарвозага қадар янгилаганимизда баҳор келиши билан қалдирғочлар ҳам қайтди, айвону хоналарда гир-гир айланиб, вижир-вижирлаб, ўз тилларида “кенгашиб”, охири ин қурадиган жойларини топгандилар. Ўшанда усталар бузилган ин ўрнига белги қолдириб кетишган экан, “қалдирғочлар келса, билармикин, кўрамиз”, деб. Чиндан ҳам қалдирғочлар адашмай топиб, худди ўша белги устига ин қуришганди... Бу митти жонзотларни қадрдон манзил-маконига боғлаган ҳиснинг номи шубҳасиз, Ватан. Ватан туйғуси... Мана шу бизнинг айвон шифти бир жуфт қалдирғочнинг Ватани...
Шукрки, Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт – бизга Ватан.
“Ватан не? деб сўраганларга бир кафтгина тупроқ бердим!” дейди шоир. Ҳа, инсон учун ватан, ватанга муҳаббат киндик қони тўкилган заминдан бошланади. Одам боласининг ўз диёрини севиши, эҳтимол, шундандир.
Ватанга чин фарзанд бўлиш, унга муҳаббат, эҳтиром ила қараш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз. Ватан таърифини ёзмоққа қалам ожизлик, луғатингиздаги сўзлар камлик қилади. Бу туйғуни ҳис қилган сари қалбда туғилиб ўсган юртга бўлган муҳаббат ортаверади.
Шарқ дарвозаси деб ном олган, улкан сиёсий, иқтисодий, маънавий мавқега эга бўлган, фан, маданият, ижод, илм-зиё салоҳияти юксак равнақ топган мамлакатимиз узоқ йиллар оғир кечмишларни бошидан кечирса-да, халқимиз ҳеч қачон эрк сари юришдан тўхтамади, озодликка интилди, яхши кунлар орзусида яшади ва шу кунларга эришди.
Ватан мен учун илдизлари юракнинг туб-тубига томир отган азиз маскан. Унинг олдида ҳар қандай ташвиш, майда-чуйда масалалар чекинади, кўнгилни қуршаб олган безовталик булутдай тарқаб кетади. Ватан учун юракдан қилинган меҳнат, юракдан бахш этилган муҳаббат ерда қолмайди. Мен, ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида бугунини яратаётган, эртасига мустаҳкам пойдевор қўяётган буюк халқнинг бир бўлаги эканимдан фахрланаман.
Кўпгина халқларга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, одамийлик нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда ҳам улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади. Бизнинг жонажон халқимизда ҳам меҳр-оқибат ҳеч шубҳасиз, энг олий, ноёб фазилатдир.
Янги Ўзбекистон...
Янгиланаётган Ўзбекистон... Бугун мустақил Ўзбекистонимизда қайси соҳага қарамайлик кўпдан кўп фахрланса арзигулик эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларида олиб борилаётган, жумлаи жаҳоннинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлаётган янгиланишларни саноғи йўқ. Бу улуғвор ишлар замирида фақат бир мақсад бор, у ҳам бўлса, халқ фаровонлиги, халқ тинчлиги, халқ ободлиги.
Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 33 йиллигини “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилишида ҳам ана шу ҳикмат мужассам.
Миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!
Мадина Зуфарова,
ЎзА