Қўқон шаҳри қадим-қадимдан ҳунармандчилик ватани ҳисобланади. Бу ҳудуддан дунё тан олган моҳир уста ҳунармандлар етишиб чиққан. Республика ҳунарманд уюшмаси ахборот хизмати хабар беришича, “Мен Қўқонга бораман” шиори остида кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилади.
Юртимизда ҳунармандчилик билан мунтазам шуғулланаётган, республика миқёсида намунавий ҳунарманд сифатида ўзини кўрсата олган ва илғор натижаларга эришган моҳир ҳунармандлар анчагина. Улар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ушбу танловда ҳунармандчилик мактаби усталари, амалий санъат усталари, ёш ҳунармандлар, сулолалар давомчилари бўлган миллий ҳунармандчиликнинг 34 йўналишида фаолият кўрсатувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари бўлган ҳунармандлар иштирок этиши мумкин. Танловнинг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтади.
Танловни ташкил этишдан асосий мақсад миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати соҳасида фаолият юритиб келаётган ва соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган тажрибали, истеъдодли ҳунармандларни аниқлаш, уларни маънавий ва моддий рағбатлантиришдан иборат. Шунингдек, ҳудудларда хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни жадал ривожлантиришни рағбатлантирувчи муҳит яратиш ва ҳунармандчилик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, республикада халқ амалий санъатининг мавжуд турларини жадал ривожлантириш, ушбу ҳунар турларини ёшларга ўргатиш ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда ўзбек халқ амалий санъати намуналарини ўзбек бренди сифатида халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ўзбек халқ миллий маданияти анъаналарини намойиш этиш орқали сайёҳларни жалб қилиш масаласи ҳам инобатга олинган.
Танлов орқали халқ амалий санъатининг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаш, қайта тиклаш, фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб этиш ва минтақада барқарор туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА