Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мен овоз берган номзод юртимизда миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади
14:06 / 2023-07-09

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда.

Андижонда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам сайловларда фаол иштирок этиб, ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланмоқда. Улардан бири Ўзбекистон Қирғиз миллий маданият маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Обиджон Носировдир.  

Обиджон Носировнинг сайлов жараёнлари хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.  

– Мен Жалақудуқ туманидаги 26-умумтаълим мактабида ташкил этилган 461- сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган номзод учун овоз бердим. Юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишида шубҳасиз, бўлиб ўтаётган сайлов муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда мен Ўзбекистонда яшаётган қирғиз миллати вакили сифатида юртимизда турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлигини алоҳида эътироф этишни истардим.  

Мен Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Чунки шу юртда туғилдим, ўсдим, оилам тинч, фарзанд ва набираларим бахтли яшамоқда, фаолиятимда салмоқли натижаларга эришдим. Бутун дунё ҳавас қилса арзийдиган тинч-осойишта юртимизда эмин-эркин яшашимиз, меҳнат қилишимиз, миллатимизнинг анъана ва урф-одатларини давом эттиришимиз учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, биргина вилоятимизда бугунги кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олмоқда.  

Ишонаманки, бугунги сайловда мен овоз берган номзод Ўзбекистон тараққиётини юксалтириш, юртимиздаги миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ ёзиб олди,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА