“Мен – мардикорлик қилардим, ҳозир чорасизман...”
Ҳозир шундай вазиятки, ҳеч кимга осон эмас.
Ҳозир шундай вазиятки, ҳеч кимга осон эмас. Айниқса, коронавирусга чалиниб, ўлим билан олишганлар турганда бошқаси ҳолва дейиш ҳам мумкин.
Бироқ, бошпанасизлик, очлик исканжасига тушаётганлар борлиги... Улар пойтахтимиздаги “Эски жўва” (Чорсу) деҳқон бозори атрофидаги “мардикорлар бозори”га чиқиб, тирикчилик қилиб юрган одамлар.
- Бизга қўнғироқ қилиб, қийналаётганини айтаётган одамлар олдига вазиятни ўрганиш учун бордим, – дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари Шоҳида Қосимова. – 60 ёшни қоралаб қолган амаки билан кўришганимда унинг кўзидан оқаётган ёшларга юрагим зўрға дош берди. Чорсу бозори атрофидаги маҳаллалардаги хонадонларда ижарага яшайдиган бундай кишилар кўп экан. Уларнинг рўйхатларини шакллантириб, ҳокимликларга тақдим этсак, бундайлар кўп, навбати билан ёрдам кўрсатилади, деган жавоб беришди. Аммо ҳафталаб оч ўтирган одамлар қандай сабр қилади?
Тўғри, маҳаллаларда муҳтож кишиларга манзилли ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Демак, доимий рўйхатда турмайдиган, ижарада яшайдиганлар эса уларнинг ҳам эътиборидан четда қолмоқда.
“Истиқболли авлод” ташкилотининг “Ишонч телефони”га одатда ҳуқуқи бузилган, қийин вазиятларга тушган одамлар қўнғироқ қилар эди. Ҳозир эса “Мен – мардикорлик қилардим, ҳозир чорасизман...”, деяётган, яшашга қийналаётган одамлар кўпроқ қўнғироқ қилмоқда. Улар орасида фақат мардикорлар эмас, балки ёлғиз оналар, ногирон кишилар ҳам бор.
“Ишонч телефони” (+99899 079 94 94)га пойтахтимизнинг Олмазор, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Мирзо Улуғбек туманида яшаётганлар кўпроқ мурожаат қилган. Уларнинг рўйхати “Истиқболли авлод” ташкилотида ҳам, бизда ҳам бор.
Бу масалани қаламга олишдан мақсадимиз, юқорида номи тилга олинган туманлар ҳокимлари ва бошқа масъуллар бунга зудлик билан эътибор қаратиши керак. Зеро, жамиятимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги шарт.