Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мен ҳам шу юрт фарзандиман…
14:44 / 2022-07-07

Тўғрисини айтсам, шу пайтгача “бу ўзбек” - “бу қорақалпоқ” деган сўзларни, ҳатто, ўзим таниган-билган дўсту биродарлар, балки бегоналардан ҳам эшитмаганман.

Бунинг сабаби битта – Ўзбекистон кўп миллатли, демократик республика. Бундан ташқари, азалдан халқларимизни бир маданият, бир хил дунёқараш,  ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлиги каби юксак мақсадлар муштараклиги бирлаштириб туради.

Аллоҳга минг шукурлар бўлсинки, ҳаётимдан нолимайман, шу халқнинг қуёшдек меҳри, тафтидан камол топиб, бугун иқтисодиёт фанлари доктори, профессор даражасига етган қорақалпоқ фарзандиман.

Ўзим тўғримда қорақалпоқчасига икки оғиз сўйлайдиган бўлсам, 1988 йилда Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги ТДИУ)ни тамомладим. Қорақалпоғистон Республикаси олийгоҳлари ва банк тизимига  ихтисослиги бўйича мутахассислар етишмаслигини инобатга олган ҳолда, 17 йил ушбу ихтисослик йўналишида илмий-тадқиқот олиб бордим. Бу даражага ўз-ўзимдан етиб қолганим йўқ, соҳадаги таниқли иқтисодчи олимлар (марҳум устозлар –У.Умирзоқов, А.Қодиров, Т.Шодиев, Т.Коралиев), айни пайтда таълим ва давлатимиз ривожи йўлида толмай самарали меҳнат қилиб келаётган иқтисодчи олимлар О.Абдуллаев, О.Олимжонов, О.Иминов, А.Бекмурадов, Б.Бегалов, Н.Жумаев, О.Абдураҳманов, Н.Ҳайдаров, Н.Каримов, Т.Бобақуловнинг самимий кўмаги билан 2016 йилда докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқладим. 

250 дан ортиқ дарслик, монография, ўқув ва услубий қўлланма, 150 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифиман. 

Фаолиятим давомида ёш авлодга сабоқ бериш билан бирга, университетнинг жамоат ишларида фаол қатнашиб, талабалар ва магистрантлар ҳамда университет профессор-ўқитувчилари билан бир ёқадан бош чиқариб ишлаб келмоқдаман. 

Мамлакатимиз иқтисодчи олимлари билан ҳамкорликда Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни ривожлантириш йўлида камтарона меҳнатим билан ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман. Мен аксарият қорақалпоқлик ёш олимларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилиб келаман. Шу пайтгача ҳали ҳеч қаерда, заррача бўлсин, айримачиликни кўрмадим, ҳатто, сезмадим ҳам. 

1 июль куни тартибсизлик келтириб чиқарган нохолис кимсаларга шуни айтаманки, Ўзбекистон кўп миллатли халқ, айримачилик халқимизга ёт унсур. 

Азиз қардошларим, бовурларим! Афсуски, сўнгги йилларда берилган сўз эркинлиги, амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар шаффофлигидан ғаразли ниятда фойдаланаётган баъзи ташқаридаги кучлар аламзадалик билан турли сиёсий найранглар қилишга уриниб келмоқда. Уларнинг навбатдаги фитнаси жорий йил 1-2 июль кунлари Нукусдаги воқеаларда намоён бўлди. Бундай нопок кимсалар ижтимоий тармоқлар ёрдамида пуч шиорлар ниқоби остида сизнинг, сиз бўлмасангиз ҳали оқ-қорани танимаган фарзандларимизнинг охири ҳеч қачон яхшилик билан тугумайдиган ғалваларга бошлашга уринди. 

Натижада Нукус кўчаларида бошқариб бўлмайдиган тартибсизликлар вужудга келди. Кўринмас қўллар бошқарувидаги “намойишчилар” конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий иншоотлари ва давлат органлари биноларини куч ишлатиш йўли билан эгаллашга уринди.

Таъкидлаш жоизки, фавқулодда ҳолатда, 2 июль куни Президент Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашувда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётгани, Қорақалпоғистон аҳолисининг фикр-мулоҳазаларини ўрганган ҳолда, Конституцияснинг тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгартишсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди. Бу қатъий таъкид эса, кўтарилган муаммонинг қонуний ва аниқ ечимини белгилаб берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳар доим энг олис, чекка ҳудудлар, хусусан, Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор берилаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Шу боис, бугунги қароқалпоқ халқининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт даражаси илгаригига нисбатан анча юқори, буни тан олишимиз керак.

Хусусан, охирги беш-олти йилда Қорақалпоғистоннинг маҳаллий бюджетига Ўзбекистон томонидан қарийб 11 триллион сўм маблағ ажратилиб, Нукус шаҳри ва бошқа туманлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Бундай кўрсаткичлар 2017 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошганини инобатга оладиган бўлсак, ҳамма нарса ойдинлашади. 

Қорақалпоғистон иқтисодиётига тўхталадиган бўлсак, 2021 йил сарҳисобига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулоти ўтган даврга нисбатан 23% қайд этилиб, 21,9 триллион сўмни ташкил этди. Шундан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,3 триллион сўмдан 14 триллион сўмгача(22%) ўсгани кузатилди.

Ўтган даврда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва муносиб уй-жой билан таъминлаш каби ўткир ижтимоий вазифаларни ҳал этишда 3, 595 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларида 12,3 минг, мактабларда 27,7 минг жой яратилди, 105 мингга яқин иш ўрни ташкил қилиниб ёшлар, ишсизлар бандлиги таъминланди. Улкан форматдаги янги инвестицион лойиҳалар молиялаштирилмоқда. 

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги "2020 — 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилиниши эса, шаҳар ва туманлар "ўсиш нуқталари"га мувофиқ иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришга асос бўлди.

Ҳудудда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиш билан бирга, “Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклашга халқаро даражада катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бу жараёнда биргина Мўйноқ туманини оладиган бўлсак, ҳудудини ижтимоий-иқтисодий барқарор ҳолатга олиб келиш, шаҳар ва қишлоқларига янги инфратузилмалар олиб кириш туфайли у бугун замонавий масканга айланди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, юз берган зиддиятли воқеаларга Президентимиз бошчилигида шошқолоқлик ўрнига – босиқлик, жаҳл ўрнига – ақл, куч ишлатиш ўрнига - мулоқот қилиниб, ўз вақтида кўрилган оқилона ва тезкор чора-тадбирлар, тушунтириш – ташвиқот ишлари қорақалпоқнинг кўпни кўрган донишманд оқсоқоллари ҳамда вазиятни тўғри баҳолаган зийрак фуқаролари саъй-ҳаракатлари натижасида тинчликни сақлашга эришилди.

Аслида давлат дастурлари асосида аҳоли, айниқса, ёшлар учун минглаб янги иш ўринлари яратишга мўлжалланган катта ҳажмдаги ижтимоий, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларидаги инвестицион лойиҳаларни ишга туширилишини гумон остида қодириш хавфини юзага келтирадиган бундай тартибсизликлар салбий ҳолат ҳисобланади. Негаки йирик инвесторлар бу каби нотинчлик юз берган ҳудудларга ўз сармоясини таваккал тикмаслиги “кўрга асо тутгандай” маълум. Бундай нозик масалани наҳотки, провакаторларга эргашган қардошларим ўйламадингиз, ўз томирингизга ўзингиз болта урмоқчи бўлдингиз?

Азиз қардошларим, жондошларим! Мен ҳам қорақалпоқ фарзандиман! Иқтисодиёт ва таълим соҳасининг кўп йиллик тажрибали вакили сифатида, барчангизни бундан буён ҳушёрликка чорлаб, ижтимоий тармоқларда ўзини беркитиб олиб, бузғунчи ғоялар тарқатаётган, Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштириш ва издан чиқаришдан манфаатдор, Ватанини сотишга ва қонга ботиришга тайёр “манқурт” провакаторлар таъсирига тушиб қолмаслигингизни сўрайман! 

Мухтасар айтганда, Президентимиз қорақалпоқ халқини бағрига босиб, яна бир бор энг зарур ва қалтис вазиятда ёнида бўлиб, эртанги порлоқ кунига катта ишонч билан биргаликда қадам босдилар! Конституция халқимиз иродаси билан белгиланишини, унга ҳеч ким халқ иродасидан устун келиб ўзгартиш кирита олмаслигини таъкидлаганларининг ўзи сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингиз қонун билан кафолатланганини кўрсатади! 

             Ж.Исаков,

  ТДИУ Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор