Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Мен ҳам билим олишни хоҳлайман» – уйда таълим олаётган болалар муаммоси
16:51 / 2022-05-05

Мактабларда муайян назоратлар орқали таълим сифатини аниқлаб бориш қийин эмас.

Аммо имконияти чеклангани сабаб уй таълимида бўлган болаларнинг қандай билим олаётгани кўпинча мавҳум бўлиб қолади. Бугун уйда таълим олаётган болаларнинг дарслари қанчалик сифатли олиб бориляпти? Наманган вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ушбу саволга жавоб топиш мақсадида вилоятда мониторинг ўтказди.

Инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида ўтказилган мониторинг натижалари эса афсуски, ачинарли ҳолатларни юзага чиқарди...

Тўрақўрғон тумани «Лангарбобо» МФЙда жойлашган 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида якка тартибда таълим олувчи ўқувчилар сони 6 нафар. Ўқувчиларнинг уйида таълим олиши учун ўқув қуроллари, парта, стул ҳамда кўргазмали ўқув қуроллари тўлақонли таъминланмаган ва таълим сифати ҳам суст. Мазкур мактабнинг 9-синф ўқувчиси Нилуфар Ҳабибуллаеванинг доска ва дарс жадвали мавжуд эмас. Биология фани ўқитувчиси эса ўтилмаган дарслар учун ҳам олдиндан баҳо қўйиб қўйган. 6-синф ўқувчиси Гулҳаё Раимовага ҳам ўқитувчи томонидан ўтилмаган дарслар учун баҳо қўйиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, инглиз тили фан ўқитувчиси Соҳиба Мирзаолимова ва она-тили фани ўқитувчиси Мукаррам Умаралиева дарс ўтганлиги тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.

Янгиқўрғон тумани «Бирлик» МФЙдаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Беҳрузбек Муҳаммедов учун 2021-2022-ўқув йилида ХТБ томонидан уйда якка тартибда таълим олиниши борасида буйруқ чиқарилган, аммо ўқувчига таълим берилишида ўқитувчилар сабабсиз дарс машғулотларини қолдирган.

Инглиз тили фани дарс жадвалида тасдиқланган бўлишига қарамай, фан ўқитувчиси 2021-2022-ўқув йилида дарс машғулотларини мунтазам равишда қолдириб келган.

Рус тили фани ўқитувчиси томонидан ҳам 2021-2022-ўқув йили мобайнида дарс машғулоти мунтазам равишда қолдириб келинган. Ҳуқуқ фани ўқитувчиси 2022- йилнинг январь ойидан 21апрель кунига қадар дарс машғулотларини ўтмай келган. Физика фани ўқитувчиси томонидан ҳам 2021 йилнинг 3 -декабридан 21апрель кунига қадар сабабсиз дарс машғулотини қолдирилган. Тарих фани ўқитувчиси 2022 йилнинг 15 февраль куни охирги маротаба дарс ўтганлиги, иқтисод, география фан ўқитувчилари эса март ойида борган, ўтилмаган дарс машғулотлари учун эса доимий равишда баҳолаб келган.

Чортоқ тумани «Бозорбоши» МФЙда жойлашган 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида инклюзив таълим олувчи 7-синф ўқувчиси Маъмуржон Ғофуржановнинг уйида таълим олиши учун шарт-шароитлар яратилган. Аммо, бириктирилган ўқитувчилар томонидан тасдиқланган дарс жадвали асосида дарслар ўтилмасдан келинмоқда. Ўрганиш давомида ўқувчини баҳолаш дафтари ҳам юритилмаган.

Бугун инклюзив таълимдаги энг катта камчилик ўқитувчиларнинг ўз вақтида бориб дарс ўтмаслиги экан. Бу Наманган вилоятидаги ўрганишлар мисолида исботини топди. Ўрганишларда болалар билим олишни хоҳлаши, аммо ўқитувчининг йўлига интизор эканлигини таъкидлади.

Инклюзив таълим ҳамма болаларнинг бир хил мактаб ва бир хил синфхонада бир хил шароитда таълим олишини англатади. Яъни имконияти чекланган бола соғлом болалар билан бир хил эътиборда ўқий олиши керак. Бу учун Халқ таълими масъуллари ўз вазифаларидан оғишмай, уйда таълим олаётган болаларга алоҳида эътибор қаратишни унутмаслиги шарт!

Мафтуна Каримова тайёрлади.