“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлинмаси томонидан “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳасининг иш режаси бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида “Мен эккан ниҳол” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан ҳамкорликда ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишдан иборат. Лойиҳа асосида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган бу иншолар танловларида ўқувчилар экология ва жонли табиат ҳақида чуқур билимга эга эканлигини намойиш этди.
Жумладан, “Жайҳун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда ўтказилган “Мен эккан ниҳол” мавзусидаги иншолар танловида 13 умумтаълим мактабидан ўқувчилар иштирок этди.
Бадиий кенгаш аъзолари томонидан 85-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Севинчой Умрбоева “Энг яхши, таҳлилий фикри учун” 1-ўринга, 2-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Гулҳаё Парахатова “Инсонпарварлик туйғулари улуғланган жўшқин фикри учун” 2-ўринга, 68-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Машҳура Файзуллаева “Энг яхши, эзгулик тарғиботчилиги учун” 3-ўринга муносиб топилди. Шунингдек, 10-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳноза Шеримбетова, 9-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зиёда Собирова “Фаол иштироки учун” номинацияси билан тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё тумани бўлинмаси томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда фахрий ёрлиқ топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири