Андижонда ёшлар иштирокида “Мен донорман” хайрия акцияси ташкил этилди. Тадбир доирасида 250 нафардан ортиқ ёшлар ихтиёрий равишда қон топшириб, инсонпарварлик ва яхшилик тимсолига айланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида “Мен донорман” акцияси ўтказилди. Унда фаол талаба-ёшлар, ёш ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Андижон давлат педагогика институти координаторлари ва фаол талабалари иштирок этди.
Акциянинг асосий мақсади жамиятда инсонпарварлик, саховатпешалик ва ҳамжиҳатлик каби фазилатларни кенг тарғиб этишдан иборат бўлди. Чунки “Мен донорман” бу шунчаки тиббий тадбир эмас, балки инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган эзгу ташаббусдир.
Қон топширган ёшлар кимнингдир соғайиб кетишига, кимнингдир умри узайишига сабабчи бўлиш бахтини ҳис этди. Тадбир давомида 250 нафардан ортиқ кўнгилли ёшлар донор сифатида қон топширди. Топширилган қон намунаси оғир беморлар, болалар ва кексаларга шифокорлар томонидан кўмак сифатида фойдаланилади.
Мутасаддилар таъкидлашича, бундай тадбирлар нафақат жамиятдаги эзгулик муҳитини мустаҳкамлайди, балки соғлом турмуш тарзини ҳам тарғиб этади.
[gallery-26053]
Қон топшириш инсон саломатлиги учун фойдали ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, мунтазам донорлик юрак-қон томир касалликларининг олдини олади, қон айланишини яхшилайди ва иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), УзА