Янги йил кунлари она қишлоғим Бувайда туманига бордик. Бирин-кетин узоқ-яқин қариндошларни йўқладик. Ҳар бир хонадонда байрам дастурхони безатилган. Дастурхон атрофида катта-ю кичик жамулжам. Жияним Бобуржонни кўрмаганимга тўрт йил бўлибди. У Ички ишлар вазирлигининг Қоровул қўшинлари таркибида ишлайди.
Балки бу йил байрамни кутиб олиш учун келгандир, деган илинж билан укамнинг хонадонига бордим. Меҳмонхона безатилган. У ерда қариндошлар, жиянларим йиғилишган. Бобуржон ўтирадиган жой эса яна бўм-бўш. Келинимиз Сайёрахон ўғли Бобуржонга қўнғироқ қилди.
– Ўғлим, бу йил байрамни биз билан кутсанг бўларди. Амманг ҳам Тошкентдан келган. Бошлиқларингдан сўраб кўр, балки рухсат беришар?
– Йўқ, ая, бундай қилолмайман. Ахир мен байрамни нишонласам, Ватанни ким қўриқлайди?
У ердан чиқиб, яна уч-тўрт хонадонга кирдик. Кексаларнинг дуолари бу гал ўзгача. Ҳамманинг нияти бир хил. “Қўшниларимиз, тинч бўлсин!”
Дарвоқе, қўшни Қозоғистонда бўлган талотўплар ўзбек халқини ҳам ташвишга солди, хотиржамлигимизни ўғирлади. Ахир “қўшнинг тинч, сен тинч”, дея халқимиз бежиз айтмаган. Қозоғистонда бўлган митинглар сабаб қанча одамларнинг уйлари бузилди, қанчадан-қанча ёшлар, жонини Ватан учун тиккан кўплаб ҳарбийлар бевақт ҳалок бўлди.
У ерда юз берган фожеали воқеаларда ҳалок бўлган инсонлар хотираси учун 10 январь Қозоғистонда умуммиллий мотам куни, деб эълон қилинди. 10 январь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Пойтахтдаги мен яшайдиган Мажнунтол маҳалласида қўшниларимнинг аксарияти қозоқ миллатига мансуб одамлар. Қозоғистонда уларнинг акаси, синглиси, фарзандлари ёки бирор яқин жигари яшайди. Байрам кунлари уларнинг ҳам хавотирлари ортгандан ортди.
– Ўзбекистонда яшаётганим мен ва фарзандларим учун нақадар бахт эканини яна бир бор тушуниб етдим. Тинчликнинг қадрига етишимиз керак, – деди қозоқ миллатига мансуб ён қўшним.
Юртда тинчлик-хотиржамлик бўлсин, дея айтишга осон. Аммо бу сўзни амалда бажо этиш учун барча бирдек масъулиятли, ҳушёр, огоҳ бўлиши зарур. Атрофимизда бизга сездирмай, ғаламислик қилиб, ёмон ниятда юрган инсонлар ҳам бор. Уларнинг ғараз ниятлари, ҳаракатларидан фарзандларимизни, ўзимизни, яқинларимизни, маҳалламизни асраш эса ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз.
Бизни ҳар тонг ўқишга, ишга, мактабга отланишимиз учун қайсидир аскар ўз вақти, ҳаёти, соғлиғи-ю жонини фидо қилаётганини унутмайлик. Биз ҳар тун иссиққина кўрпаларни ёпиниб, ширин тушлар кўриб ухлашимиз учун харбий акаларимиз, ўғилларимиз чегара олдида тунларни ухламасдан ўтказишларини унутмайлик.
Биз ҳар тонг фарзандларимиз билан бир дастурхон атрофида ўтирганимизда болаларини кўриш учун ойлаб имкон тополмаётган харбийларни дуо қилиб қўяйлик. Бошингиз омон бўлсин, харбийлар, аскар оғалар.
Нигора Раҳмонова, ЎзА