Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Корея Республикаси Пучон университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Пучон университети нодавлат таълим ташкилоти ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ушбу Меморандум доирасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимга инновацион ёндашувларни жорий этиш, таълим жараёни сифатини ошириш, шунингдек Жанубий Корея тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган, дейилади Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2-босқич Педагогика коллежлари битирувчиларини Тошкент шаҳридаги Пучон университетининг 2-босқичига ўтказишни назарда тутувчи “2+2” таълим дастури доирасида қўшма лойиҳа амалга оширилади. Корея Республикаси мутахассислари иштирокида мамлакатимиз мактабгача таълим тизимининг мустаҳкам илмий базаси яратилади ҳамда тизимли равишда педагог кадрлар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакаси оширилади. Шунингдек, мактабгача таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасидаги ютуқлар ва педагогик тажрибалар алмашинуви амалга оширади.
Таъкидланишича, Меморандум Янги Ўзбекистон истиқболли манфаатларига тўлиқ жавоб беради ва мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрларини тайёрлаш, шу билан бирга таълим тизимида жаҳон етакчилари, шунингдек Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкори бўлган Корея Республикаси билан тажриба алмашиш учун янги имкониятларни очади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА