Сўнгги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам сув ресурсларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Сувни тежаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори натижага эришиш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш мақсадида йирик мелиоратив ва инфратузилма лойиҳалардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Мирзаобод туманида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Вазирга туман ҳокими Абдураҳим Умаров, Қуйи Сирдарё Ирригация тизими бошлиғи Нуркамол Отақулов ва соҳанинг масъул мутахассислари ҳамроҳлик қилишди.

Сафар давомида туман ҳудудидан ўтган 4-Р ва 18-А автомагистраль йўли бўйидаги 29 гектарлик ер майдонини ўзлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Бу ерда суғориш тизимининг техник имкониятлари, мавсумий эҳтиёжлар ва лойиҳанинг амалий босқичлари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг Д–3 каналининг 6,8 километр қисмида бетонлаштириш ишлари ўрганилди. Махсус бригадалар томонидан амалга оширилаётган ишлар сифати, белгиланган муддатларга риоя этилиши ва техникадан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

– Бетонлаштириш ва мелиоратив ишлар сув йўқотилишини камайтиради, ерларнинг суғориш имкониятларини кенгайтиради. Бу ҳосилдорликнинг ошишига бевосита таъсир қилади. Ҳар бир метр иншоот сифатли бажарилса, келгуси йиллар учун мустаҳкам асос яратилади, –дейди Қуйи Сирдарё Ирригация тизими бошқармасининг бошлиғи Нуркамол Отақулов.

Сафар давомида вазир аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди ва ўз тавсияларини билдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири