Мексика шимоли-ғарбидаги оилалар учун ўтган дам олиш кунлари фожиали келди: Эрмосильо марказидаги чегирма дўконида ҳалокатли ёнғин содир бўлди. Натижада 23 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳат олди. Бу ҳақда "ArabNews" хабар берган.
Бу галги дам олиш кунлари ушбу мамлакатда анъанавий байрам сифатида нишонланадиган "Хотира куни"га тўғри келди. Мазкур санада хонадонларда марҳум яқинларни хотирлашади.
– Бахтсиз ҳодиса сабабини аниқлаш учун пухта ва шаффоф тергов ўтказилади, – деди Сонора штати губернатори Альфонсо Дурасо ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган видео мурожаатида. Дарвоқе, қурбонлар орасида болалар ҳам борлиги қўшимча қилинган.
Штат бош прокурори Густаво Салас суд-тиббий хизмат маълумотига таяниб, вафот этганларнинг аксари заҳарли газдан нафас олиш натижасида бўғилганини айтди.
– Ҳалок бўлганларнинг барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман, – деб ёзди Президент Клаудия Шейнбаум ижтимоий тармоқда ва қурбонлар, жароҳатланганлар оилаларига ёрдам бериш учун қўллаб-қувватлаш гуруҳларига кўрсатма берилганини қўшимча қилди.
Ёнғин сабаби ҳали номаълум. Баъзи оммавий ахборот воситалари электр узилиши ҳақида хабар бермоқда. Шаҳар расмийлари машҳур "Waldo's" чегирма тармоғининг бир қисми бўлган дўкон ҳужум нишони эмаслигини таъкидлаган.
Шаҳар ёнғин хизмати бошлиғи портлаш бўйича тергов давом этаётганини билдирди.
М.Пирматова, ЎзА