Мексикада жиноят олами янгиликларини ёритиб борувчи журналист отиб кетилди
Мексикалик журналист Маргарито Мартинес Тихуанадаги ўз уйи остонасида отиб кетилди, деб хабар берди журналист ишлаган Cadena Noticias нашри.
"Маргарито Мартинес Эскивель, Тихуанада полиция янгиликларини ёритиб борувчи репортёр эди. У бугун эрталаб уйидан чиқаётганда отиб кетилди. Полиция текширувни бошлади, лекин воқеа бўйича расмий позициясини ҳали эълон қилгани йўқ", - деган марҳумнинг турмуш ўртоғи оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда.
Мартинес маҳаллий ва халқаро нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган. У мазкур ҳудуддаги жиноятчилик мавзусида мақолалар ёзадиган ва фотосуратчи журналист бўлган.
2021 йилда Мексикада етти журналист ўлдириб кетилди. Бу дунё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.