Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум мамлакат Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига қўшилмаслиги, жараёнда кузатувчи вазифасини бажаришини билдирди.
Миллий саройда ўтказилган кундалик матбуот анжуманида сўзга чиққан давлат раҳбари Мексиканинг БМТдаги элчисига шу ҳақда маълум қилди.
– Бу ҳолатда, айниқса Яқин Шарқда тинчлик ва Фаластин масаласига келсак, биз Фаластинни давлат сифатида тан оламиз, – деди Шейнбаум. – Шунинг учун икки давлат – Исроил ва Фаластиннинг иштироки муҳим. Бинобарин, учрашув бундай форматда режалаштирилмаган. Бизни қатнашишга таклиф қилишди ва агар фаол иштирок этмасак, кузатувчи мақомини танлашимиз мумкинлигини ҳам айтишди. Шу тариқа ташқи ишлар вазири билан БМТдаги вакилимиз кузатувчи сифатида қатнашишига қарор қилдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросими бўлиб ўтган.
Г.Сатторова, ЎзА