Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳрожбек Маматқулов: Мақсадим “Париж-2024”да муносиб иштирок этиш
12:10 / 2024-02-29

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш янги босқичга кўтарилди. Бунинг натижасида ўғил-қизларимиз иродаси кучли, жисмонан ва маънан соғлом авлод бўлиб вояга етмоқда ва ўзлари танлаган спорт йўналишларида Олимпия ва Осиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётир.

Ҳозирда ёшларимиз орасида бошқа спорт турлари қатори байдарка ва каноэда ҳамда академик эшкак эшиш ҳам жадал ривожланмоқда. Юртимизда ушбу спорт турининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш истеъдодларнинг ирода ва маҳоратини чиниқтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида эшкак эшувчиларимизнинг жаҳон майдонларида қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи янада ортиб бормоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон “ROWING & CANOE” федерацияси томонидан спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Ушбу имкониятлар эса спортчиларимиз эришаётган улкан муваффақиятларга муҳим омил бўлмоқда.  

Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Меҳрожбек Маматқулов имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз олдига улкан мақсад қўйган ёшлардан бири.  

Меҳрожбек 2002 йилнинг 10 январь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида таваллуд топган. Болалигидан сув спорт турларига қизиқиши уни 17 ёшида академик эшкак эшиш тўгараги томон етаклади. У ўз устида тинимсиз меҳнат қилди, турли миллий мусобақаларда қатнашди ва дастлабки халқаро ютуғига 2019 йилда сазовор бўлди. Ўша йили Италия мусобақасида бронза медалини қўлга киритади. Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтган Осиё чемпионатининг квартет йўналишида Давржон Давронов, Абдулло Муҳаммадалиев, Меҳрож Маматқулов, Шаҳбоз Холмирзаев Осиё чемпиони бўлди.    

2020 йил эса Франциянинг Париж шаҳрида механик эшкак эшиш йўналиши бўйича ўтган жаҳон чемпионатида Меҳрож Маматқулов “JM1X” баҳсларида кумуш медаль билан тақдирланди. Бу эса академик эшкак эшиш спортида терма жамоамиз учун тарихий натижа сифатида эътироф этилади. Зеро, бу ушбу спортнинг механик эшкак эшиш йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида қўлга киритилган дастлабки медалдир. 2021 йил Таиланднинг Банг-Чанг шаҳрида ўсмирлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг жуфтлик баҳсларида Меҳрож Маматқулов ҳамда Алишер Турдиев олтин медалга эга чиқди. Спортчимиз 2022 йилда Москва регатасида кумуш медаль соҳибига айланди. 

Меҳрож ўтган йилги мавсумда Литва очиқ чемпионатида олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.   

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида Меҳрожбек дастлаб “М2х” дастурида Шаҳбоз Холмирзаев билан кумуш медалга сазовор бўлади. Шунингдек, мусобақанинг “M4x” дастурида Шаҳзод Нурматов, Шаҳбоз Холмирзаев, Собиржон Сафаралиев билан квартет ҳосил қилиб маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Шу тариқа Осиё ўйинларининг икки кумуш медалига эга чиқди.   

– Юртимизда спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида нуфузли мусобақаларда Ватанимиз байроғи баланд кўтариляпти, – дейди Меҳрож Маматқулов. – Ҳозирда Олимпиада лицензиясига эга чиқиб, тўрт йилликнинг асосий мусобақасида муносиб иштирок этишни ўз олдимга мақсад қилганман ва бу мақсад йўлида барча қийинчиликлардан ўтишга тайёрман.   

Ҳа, бугун ўз танлаган соҳасида, жумладан, спортда ҳам юксак марраларни забт этаётган ўғил-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бундай ютуқлар тинч ва фаровон ҳаёт, соғлом жамият бор жойда қўлга киритилади.   

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА