Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан жойларда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда.
Асосий мақсад оғир хасталикка чалинган, қонга муҳтож бўлган болаларга беғараз ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш, жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва донорлик маданиятини кенг тарғиб этишдан иборатдир.

Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги Қон қуйиш марказида ташкил этилган тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлар, тиббиёт ходимлари, партия ёшлари ва фаол фуқаролар иштирок этди. Улар ихтиёрий равишда қон топшириб, оғир аҳволдаги болалар учун ҳаёт бағишлаш йўлида ўз ҳиссаларини қўшди.

– Бу каби хайрли саъй-ҳаракатлар бир кунлик тадбир бўлмаслиги лозим деб ўйлайман. Чунки меҳр ва мурувват кўрсатишни чеклаб бўлмайди. Бу тадбир орқали биз жамиятда ёрдамлашиш, ҳамдардлик ва жамоавий масъулият туйғусини мустаҳкамлашга инсонларда кўникма пайдо қилишимиз лозим. Айниқса, фарзандларимизнинг соғлом турмуш тарзи учун қанчалик масъул эканимизни яна бир бор намоён этдик. Муҳими, бу ишларимизга хайрхоҳлар кўпаймоқда ва бундан биз руҳландик, – дейди Тошкент вилояти “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова.

Акция давомида тиббиёт мутахассислари иштирокчиларга донорлик жараёни, унинг инсон саломатлигига таъсири ҳамда маънавий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шубҳасиз, бундай беғараз акциялар бир кунлик тадбирлардан ташқарида, жамиятда ўзаро ёрдам, ҳамдардлик ва меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳозирга қадар тадбирлар Олмалиқ, Бекобод шаҳарлари ва Бекобод, Оҳангарон туманларида бўлиб ўтди.
А.Мусаев,ЎзА.