Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳринисо Исмоилова –Андижоннинг энг ишбилармон аёли
18:24 / 2025-08-28

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг республика-ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёл иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Одинахон Отахонова, Екатерина Смесова, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзЛиДЕП депутатлик гуруҳи раҳбари Хуршидахон Халилова, партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллар иштирок этган танлов очилишида сўз олганлар анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, юртимиз иқтисодиётини юксалтириш, кичик ва хусусий бизнеснинг ривожланишида фаол иштирок этаётган тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанимиз равнақи йўлидаги фаол иштирокини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги, кўплаб тадбиркор хотин-қизларни юзага чиқаришга хизмат қилаётганлигини таъкидлаб, танлов иштирокчиларига омадлар тилади. 

[gallery-25018]

Кўрик-танлов доирасида иштирокчилар фаолияти, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган, тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди. 

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов қатнашчиларининг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилди. Баҳолаш жараёнида уларнинг экспорт-импорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб этишдаги фаоллиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашда амалга оширган ишлари, “Аёллар дафтари”да қайд этилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича амалий ҳаракатлари ва бошқа мезонлар асос қилиб олинди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Балиқчи туманида якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Меҳринисо Исмоилова ғолиб деб топилди. 

– Мен қарийб 10 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дейди танлов ғолиби М. Исмоилова. – Ёшлигимдан ҳунар ўргандим, бугун ана шу ҳунар ортидан ўз брендимни яратдим, кўплаб фестиваль ва кўргазмаларда қатнашиб, ютуқларга эришдим. Энг муҳими, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман. Ушбу муваффақият менга куч ва шижоат беради. Юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида янада астойдил ишлашга ундайди. 

Кўрик-танловда иккинчи ўрин Жалақудуқ туманидаги “Гулжаҳон XXI” фермер хўжалиги раҳбари Гулжаҳон Усмоновага, учинчи ўрин эса избосканлик ҳунарманд Матлуба Тўрабоевага насиб этди. 

Ғолиблар, шунингдек, турли номинациялар бўйича совриндорлар партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари