Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига уй берилди
14:32 / 2023-05-08

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Элнора Усмоновага, ўзи таваллуд топган Пахтакор туманидаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинидан 1 хонали уйнинг ордер ва калити тантанали топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Усмонова Элнора Равшан қизи, 2003 йилда Пахтакор туманида туғилган, тақдир тақазоси билан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиб, Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйида таълим-тарбия олди, касб-ҳунарли бўлди. У бугун катта ҳаётга қадам қўйиш арафасида турибди.  

Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.  

Ушбу қарорларга асосан эҳтиёжмандларга кўмак бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уйли жойли қилиш, муайян даромадли иш билан таъминлаш вазифаси ҳокимликлар зиммасига юклатилган.  

Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Пахтакор тумани ҳокимлиги томонидан 29-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Элнора Усмоновага, ўзи туғилган шу тумандаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинидан 1 хонали уй учун ордер ва шу уйнинг калити тантанали равишда топширилди.  

Эътиборлиси, хонадон ҳомийлар томонидан барча маданий, маиший ва зарур уй-рўзғор жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. 

 

– Мен бугун жуда ҳам бахтиёрман. Президентимиз томонидан менга тортиқ этилган бу уйда барча шароитлар, электр, газ, иссиқ ва совуқ сув таъминоти мужассам. Холодильник, телевизор, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ошхона жиҳоз ва идишлари, кўрпа-тўшак, хуллас бир инсоннинг бекаму кўст яшаши учун барча зарур шароит ва буюмлар мавжуд. Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимизнинг бу эътибор ва ғамхўрлигини Ватанимга, халқимга ҳалол хизмат қилиб қайтаришга ваъда бераман, – дейди Элнора Усмонова.  

Бугун қалбида қувонч тўла Элнора 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ўз уйида нишонлайди.  

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА