Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Султон Саодат мажмуасига саёҳатга олиб чиқди.
Меҳрибонлик уйида 54 ўғил-қиз тарбияланмоқда. Бу ерда уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун барча шароит мавжуд. Болажонларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли тўгараклар фаолият юритмоқда. Спорт зал ва спорт майдонлари, бой китоб фондига эга кутубхона ўғил-қизларни ҳар тарафлама баркамол вояга етказишга хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтган йили олти нафар битирувчининг беш нафари турли олий ўқув юртларига ўқишга киргани ҳам бунга яққол мисолдир.
Саёҳат олдидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зафар Намазов болажонлар учун қизиқарли бадиий асарлар ва ранг-баранг эртаклар тўпламларини туҳфа қилди.
Ўғил-қизлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар ва олиб борилаётган изланишлар билан яқиндан танишди.
Марказ директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шукурилло Умаров бу даргоҳнинг барпо этилиш тарихи ва вазифалари, жорий ўқув йилидан иш бошлаган “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган марказ термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу даргоҳда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ва термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси чуқур ўрганилмоқда, ёзма манбалари тизимли асосда тадқиқ этилаётир. Улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланаяпти. Халқаро илмий конференцияларда иштирок этишмоқда. Бу ишларга ёш олимлар ҳам жалб этилиб, буюк аждодларимизнинг чет эллардаги кутубхоналарда сақланаётган нодир асарларидан нусхалар олиб келинмоқда.
Айни пайтда жорий ўқув йилида илк ўқувчиларини қабул қилган “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 11 нафар ёш таълим-тарбия олиб, муқаддас динимизни чуқур ўрганаётир.
Марказда Меҳрибонлик уйига Қуръони карим китоби, муқаддас ислом дини, ҳадислар, термизийлар мероси ҳақидаги саволларга жавоб берган болажонларга эса эсдалик совғалар топширилди.
- Қадимдан юртимиз буюк алломаларга бешик бўлганидан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди Меҳрибонлик уйи директори Дилбар Сувонова.- Муқаддас бу заминда инсоният тамаддуни, айниқса, ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб улуғ мутафаккирлар етишиб чиққан. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом динини маърифий асосда ўрганиш, аждодларимизнинг бой илмий меросини тадқиқ қилиш ва шу асосда ёш авлодни тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда барпо этилган мазкур илмий марказда айниқса, буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш борасида олиб борилаётган тизимли изланишлар билан яқиндан танишганимиздан беҳад мамнунмиз. Ёш авлодга ўтмишда дунё илм-фанига, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк аждоларимиз меросини тушунарли тилда етказиш мақсадида яратилган бундай шароитлар учун давлатимизга миннатдорлик билдирамиз.
Султон Саодат - Термиз саййидларининг дафиналари жойлашган маҳобатли мақбаралар мажмуасидир. Болажонлар ўтмишда бунёд этилган мажмуани зиёрат қилиб, унинг тарихи билан яқиндан танишди. Билим ва тасаввурларини янада бойитди.
Мажмуа 12-17-асрларда қад ростлаган. Узунлиги 70 метрли ҳовлида қурилиб, йигирмага яқин мақбарани ўз ичига олган. Ривоятларга кўра, Термиз саййидлари Муҳаммад (С.А.В) пайғамбаримизнинг қизлари биби Фотиманинг ўғли имом Ҳусайннинг бешинчи авлоди Ҳасан ал-Амирга бориб тақалади. Ул зот 850 йилда Самарқандга келади ва у ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир Термизга кўчиб келиб, шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўзларининг келиб чиқишини шу хонадон билан боғлайди.
Саёҳат болажонларда бой таассуротлар уйғотди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири