Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳрибонлик уйи битирувчилари учун мономарказга пресс-тур уюштирилди
11:27 / 2021-09-24

Халқимизда «Боланинг бегонаси бўлмайди» деган гап бежизга айтилмаган. Жаннатмакон юртимизда ўсиб келаётган ҳар бир эртанги кун эгалари эътиборда. Хусусан, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунар эгаллаши ва муқим иш жойига эга бўлиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу бўйича турли хил мутассади ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Пойтахтимиздаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи битирувчилари учун бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов бошчилигида  Яшнобод туманида жойлашган "Ишга марҳамат" мономарказига пресс-тур ташкил этилди. Улар маиший техникалар ишлаб чиқариш, кўп қаватли уйлар ва офислар учун лифт ишлаб чиқариш корхоналарида ҳамда  технопарк ҳудудида фаолият юритаётган 18 та корхонада ҳозирги кундаги мавжуд бўлган 1 200 тадан ортиқ бўш иш ўрни билан таништирилди.

Шунингдек, касб-ҳунар эгалламоқчи бўлган битирувчилар  Яшнобод туманида жойлашган «Ишга марҳамат» мономарказидаги компьютер саводхонлиги ва ИТ йўналиши, ошпаз-қандолатчилик, сартарошлик (аёллар ва эркаклар), электросваршик, токарь,  электрик ва бошқа йўналишдаги ўқув курслари билан яқиндан танишди.

–Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари мономарказдаги касб-ҳунар усталари, ҳунар ўрганувчилари билан суҳбатлашиб, ўзларининг қизиқишларига қараб, йўналиш танлаб, етук мутахассислардан ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганиши мумкин,– дейди вазир Нозим Ҳусанов.

Бу каби учрашувлар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни вазирлик тизимидаги  йирик иш берувчи корхона, ташкилотларнинг иш фаолияти ҳамда мономарказ имкониятлари билан таништириш орқали битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Файзулло Яҳёев, ЎзА