Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳрга садоқат билан жавоб қайтади
13:46 / 2021-09-17

Шодиёр Шомуродов – Ўзбекистон Респуб­ликаси Мудофаа вазирлиги Мутахассис ва хизмат итларини тайёрлаш маркази бошлиғи.

 Самарқанд вилояти, Булунғур туманида туғилган. Халқаро «АрМИ – 2021» ўйинларининг олтин медали соҳиби.

Ветеринариядан ҳарбийликкача...

Аграр соҳада фаолият кўрсатган отам Абдуғани Шомуродов ветеринария соҳасига илк қизиқишимни уйғотган. Шу йўналишда таълим олиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Республика ветеринария лабараториясида иш бошлаганман. Бундан ташқари ҳарбий соҳага ҳам қизиқишим бўлганлиги сабабли Мудофаа вазирлиги ветеринария лабаратория марказида фаолиятимни давом эттирдим. 2012 йилдан ҳаётимда жониворлар билан ишлаш, уларни парваришлаш жараёнлари бошланган. Кейинчалик хизмат итлари питомнигида хизмат итларини парваришлаш билан шуғуллана бошладим. 

Халқаро армия ўйинлари ва «Драго»

2017 йилда Россия Федерациясида ўтказилган Халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Содиқ дўст» мусобақасида ветеринария врачи сифатида иштирок этган бўлсам, 2018 йилдан бошлаб эса мусобақаларда «Драго» лақабли хизмат итим билан иштирокчи сифатида қатнашиб келмоқдаман. Ветеринария соҳасидаги билимларим айни шу жараёнларда қўл келади. Хизмат итларини парваришлаш ва қандай шароитда овқатлантириш, керакли витаминлар билан озиқлантиришни билганлигим сабаб уларнинг жисмоний фаоллигини оширишга эришамиз.

 «Драго». Машғулот вақтида у ўзини бошқача тутади, мусобақада эса бутунлай бошқача. Яъни машғулотларда анча эркин, мусобақада бор диққати ва кучини топшириқларни бажаришга қаратади. Ҳакамни синчковлик билан кузатиб, унинг ишора беришини кутиб туради. Буйруқ бўлиши билан барча имкониятларини ишга солади. Худди шунингдек, ўзим ҳам ҳар бир мусобақага ўзимни кинолог ҳисоблаб тушаман. Мусобақаларда оғир вазиятлар кўп бўлади. 2019 йил Россия Федерациясида ўтган мусобақада ёғингарчилик кучли бўлган. Оёқ ости сирпанчиқ, югуриш вақтида ноқулайлик туғдиради. Ит сиздан олдинда югураётганда сизга ҳалал бермаслиги лозим. Мувозанатни сақлаб қола олмаслик оқибатида, йиқилгудек бўлсангиз, вақтни бой берасиз ва имкониятни йўқотасиз. Хизмат итим мана шу ҳолатда менга панд бермаган. 

Машғулотдаги қийинчилик – ғалабанинг асоси

«Машғулотда қанча қийналсанг, жангда шунча осон бўлади», дейишади. Мусобақа ҳам худди жангдек. Ғалаба учун рақибларинг билан кучларинг тўқнаш келади. Тайёргарликни пухта олиб борганинг сенга мана шу жараёнда енгиллик яратади.

Халқаро армия ўйинлари мусобақасига жиддий эътибор қаратилади. Шу сабабли тайёргарликни эрта бошлаймиз. Аввало, ҳарбий кинологлар ҳамда хизмат итлари саралаш жараёнларидан ўтади. Кинолог ва хизмат итларининг мусобақа шартларига тўлиқ жавоб бера олиши ва жисмоний имкониятининг етарли эканлиги синовдан ўтказилади. Махсус синовлардан ўтганлар билан тайёргарлик бош­ланади ва бу босқичма-босқич ҳар ойда ўтказиб борилади. Барча синовлардан ўтсаккина Армия ўйин­ларига тайёр бўламиз.

 Кутилган натижани қўлга киритиш учун кинолог билан хизмат итлари бир бутунликка эришиши лозим. Ит жуда сезгир жонивор. У нафақат ташқи муҳитни, балки инсон руҳиятидаги ўзгаришларни ҳам ҳис қилади. Агар сизда қандайдир муаммо бўлса, бу албатта, хизмат итига ҳам таъсир ўтказади. Кинологларимиз куннинг катта қисмини ўзларининг хизмат итлари билан ўтказишади. Улар билан жисмоний тайёргарлик машғулотларидан ташқари сайр ҳам қилишади. Ҳатто ўзаро суҳбатлашишади. Тунлари ёнига олиб ухлаган вақтлари ҳам бўлган. Ит инсондан меҳр кўрса, бунга ўз садоқати билан жавоб қайтаради. Мусобақаларда сизни уялтириб қўймайди. 

2020 йилги мусобақага жуда қисқа вақт қолганида сержант Улуғбек Нуруллаев жамоага қўшилди. Аввалига «уддалай олармиканман?» деган иккиланиши бор эди. Чунки Улуғбекнинг жисмоний тайёргарлиги анча яхши бўлса ҳам хизмат ити билан ишлаш таж­рибаси етарли эмас эди. Аммо у ўзига бириктирилган хизмат итига бор эътиборини қаратди. Доимий бирга бўлиб, хизмат итини ўзига ўргата олди. 

Машғулотлар жараёнида хизмат итлари топшириқни хато бажарса, айни шу жойда такрор бажартирамиз. Агар ана шу хатосига эътиборсизлик қилсак, бу итнинг характерига таъсир ўтказади ва мусобақада ҳам худди шундай хатони қайтариши мумкин. 

Жорий йилда «АрМИ – 2021» баҳсларининг «Содиқ дўст» мусобақаси Африка қитъасининг Жазоир давлатида бўлиб ўтиши белгиланган эди. Бу табиий қийин­чиликларни туғдиради. Чунки у ернинг иқлим ҳарорати анча юқори. Шу жиҳатдан биз ҳам тайёргарликни ёз ойларида куннинг энг иссиқ вақтида олиб бордик. Ҳам ҳарбий кинологлар, ҳам хизмат итларининг юқори ҳароратга мослашиши, чидамлилигини оширишга ҳаракат қилдик. Бу эса ўз натижасини берди.

Жамоа – бу бирлик дегани!

Жорий йилги «Содиқ дўст» баҳсларида III даражали сержант Улуғбек Нуруллаев, кичик сержантлар Жавлон Низомов, Содиқ Дилмуродов, Элшод Абдуллаев ва оддий аскар Зуҳриддин Қўшақовлар билан биргаликда эркаклар терма жамоасини шакллантирдик. Бу йил илк маротаба Халқаро армия ўйинларининг «Содиқ дўст» мусобақасида аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этиши белгиланди. Шунга кўра, аёллар терма жамоасини оддий аскарлар Бибимарям Суюнова, Иродахон Олимова, Маржона Аккузиева, Диёрахон Валижонова ва Мавсума Суяровалар ташкил этди.

Жамоа – бу бирлик дегани. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирига ёрдам бериш, қўллаш ва елкама-елка туриш лозим. Мусобақаларга йўл олган вақтимиздан бошлаб барчамиз бир-биримизга кўмаклашдик. Чунки бизга юртимиз ва миллий армиямизнинг шаънини ҳимоя қилишдек шарафли вазифа юкланган эди. 

Армия ўйинлари тарихида янги саҳифа

Бу йилги баҳсларда жамоамиз «АрМИ – 2021» мусобақасининг «Содиқ дўст» баҳсларида юқори натижаларни қайд этиб, Халқаро армия ўйинлари тарихида янги саҳифа очди, десак янглишмаймиз. Ўтган йилгига қараганда бу йил янада юқорироқ натижаларга эришдик. 

3,2 ва 1,2 км масофада биатлон (отиш машқлари билан биргаликда), 300 метрли тўсиқлардан ўтиш, ҳимоя хизмати каби шартларда ҳар куни тинимсиз олиб борган машғулотларимиз ўз самарасини кўрсатди. 300 метрли тўсиқлардан хизмат итлари билан биргаликда ошиб ўтиш баҳсларида III даражали сержант Улуғбек Нуриллаев 1 дақиқаю 13 сонияда, аёллар ўртасида эса Диёрахон Валижонова 1 дақиқаю 32 сонияда хатоларсиз бажариб, Халқаро армия ўйинларида рекорд ўрнатди. Бундан ташқари «Моҳир ўқчи» шартида эркаклар жамоаси умумий ҳисобда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, оддий аскар Ирода Олимова энг юқори – 132 балл тўплаб, рекорд ўрнатди. Мен ҳам айни шу шартда юқори натижани қайд этиб, олтин медални қўлга киритдим. Аёллар жамоаси биринчи иштирокидаёқ мутлақ ғалабага эришгани эътирофга лойиқ!

Авваллари рақиб ўрнида кўришмасди!

2017 йилдан буён мусобақа шоҳсупасига асосий даъвогарлар сифатида Хитой, Россия, Беларусь ва Қозоғистон вакиллари кўрилган. Илк иштирокларимизда бизга ҳатто рақиб сифатида ҳам қарашмаган. Аммо ўтган йиллар давомида қайд этган натижаларимиз ва ўзимизнинг қандай куч-қудратга эга эканлигимизни намойиш этганимиздан сўнг, бизга бўлган муносабат бутунлай ўзгарган. Бу эса ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз, иссиқ ўрнимизни бошқаларга бериб қўймаслик учун тинмай меҳнат қилишимиз лозимлигини англатади. 

«Vatanparvar» мухбири 

Рўзиқул ОЧИЛОВ 

оққа кўчирди.