Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳр ва эътибордан нурафшон диллар
12:28 / 2022-12-27

Моддий ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзмоқ элимизга хос миллий қадриятларимиздан. Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда бу хайрли анъана янада ёрқинроқ кўзга ташланмоқда.

Наманган вилоятида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг жойлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мурувват кўрсатиш бўйича таклифлари қўллаб-қувватланиб, улар тузган рўйхат асосида боқувчисини йўқотган, ногиронлиги ва етим болалари бўлган хонадонлардан 400 нафарига байрамона қувонч улашилди.

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида меҳрга муҳтож хонадон соҳиблари ва уларнинг фарзандлари учун концерт дастури уюштирилди. Вилоят сектор раҳбарлари томонидан 18 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат Янги йил совғалари, болажонлар учун иссиқ кийимлар тақдим қилинди.

Наманган  вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни байрам билан табриклаб, инсон қадрини улуғлашга қаратилган бу каби савобли ишлар 2023 – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да изчил давом эттирилишини таъкидлади.

[gallery-10082]

- Ишлаб юрган кезларим таҳририят топшириғи билан жуда кўп ана шундай хайрия тадбирларига борардим, ёзишга  келганда жуда қийналар эдим, - дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Манзура Отақўзиева. -  Чунки, болажонлар нигоҳларида қувончдан кўра кўпроқ ўксиниш, синиқишни кўрардим. Бугунги тадбирга ижодкор сифатида эмас, боқувчисини йўқотган уч набиранинг бувиси сифатида бордим. Негадир ясатилган арча мунгли нур сочади. Ўйин-кулгу қилаётган болажонларнинг кемтиклиги сезилиб туради.

Бетоблиги ёки жисмоний имконияти чеклангани сабабли байрам тадбирига келолмаган ўксик диллар ҳам Янги йил йўқловидан бебаҳра қолмади. Журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари совғаларни ўз эгаларига етказди.  

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА