Адлия вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб "Меҳр улаш" шиори остида кенг кўламли донорлик акциялари ташкил этилмоқда. Ушбу хайрли ташаббус жамиятда инсонпарварлик, саховат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлаш, шифокорлар ёрдамига муҳтож беморларга амалий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.
Сирдарё вилоятида ўтказилган акцияда вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари фаол иштирок этдилар. Улар беғараз қон топшириш орқали беморларга ҳаёт улашиш, аҳоли орасида донорлик маданиятини кенг ёйишга муносиб ҳисса қўшдилар.

– Беғараз қон топширувчилар сафида адлия ходимларининг борлиги бизни қувонтиради, – дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси раҳбари Ҳайдар Саломов. – Сўнгги йилларда гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморлар сони ортиб бормоқда. Бу эса қон компонентларига бўлган талабни ҳам кўпайтирди. Донорлар шундай шароитда беморларга умид, ҳаёт ва соғлик манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур акцияда иштирок этган Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот бўлими бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова ҳам донорлик ташаббуси ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– "Меҳр улаш" акцияси — бу нафақат қон топшириш, балки инсонпарварлик ва масъулият рамзидир. Ҳар бир инсоннинг бундай хайрли ишга ҳисса қўшиши унинг фуқаролик бурчига ҳамоҳанг. Донорлик орқали биз бир бемор ҳаётини сақлаб қолишимиз, бутун оилага умид ва қувонч бағишлашимиз мумкин. Шу боис адлия тизими ходимлари бу ташаббусда фаол иштирок этишни ўзларининг инсоний бурчи деб билишади.

Акция доирасида олинган қон вилоят қон қуйиш станциясида 8 турдаги лаборатория таҳлиллардан ўтказилиб, тиббий эҳтиёжга кўра, гематология, жарроҳлик ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига етказиб берилади.

Ташкилотчилар таъкидлашича, бундай акциялар нафақат донорлар сонини кўпайтиришга, балки жамиятда соғлом турмуш тарзини, меҳр-шафқат ва ижтимоий масъулият туйғусини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири