English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳр-саховат халқимизга хос фазилат
16:45 / 2022-04-20

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан Навоий давлат педагогика институти ва “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида “Алишер Навоий шахсияти ва ижодида меҳр-саховат қадриятларининг улуғланиши” мавзусида илмий семинар ўтказилди.

Тадбирда “Навоийнинг ижтимоий ва меҳр-саховат ишлари”, “Мурувват барча бермакдур...”, “Навоий “Хамса” сидаги саховат тушунчалрининг талқини”, “Навоий асарларидаги меҳр-саховат тушунчаларининг лингвистик хусусиятлари”, “Навоий ижодида комил инсон образи”, “Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати: давлат ва халқ қудратининг амалий ифодаси” мавзуларида маърузалар қилинди. 

Меҳр-саховат, мурувват, ҳотамтойлик ўзбек халқига хос фазилат. Халқимиз азал-азалдан бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб келган. Ҳаттоки, Алишер Навоий ҳақида гап кетганда ҳам унинг ўз замонасида сахийлик, бағрикенглик, меҳр-оқибатда тенгсиз бўлганлиги тилга олинади. Тарихий манбаларга кўра, ўтмишда ҳам халқимиз ижтимоий тараққиётининг барча босқичларида турли хил синов ва офатларга тўқнаш келганини, улар устидан ғалаба қозонишда халқ иродаси ва миллий қадриятларимиз устувор омил бўлиб хизмат қилганини кўриш мумкин.  

Маълумки, 2020 йил 20 апрел куни Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилган эди. Ушбу ташаббуснинг ҳуқуқий асоси сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлардаги бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилиниб, Низоми тасдиқланди. Даставвал, унинг маблағлари шаклланиши хайрия ва бюджет маблағлари ажратмалари бўлган бўлса, ҳозирги вақтда келиб, ҳудудларда ундирилаётган жарима тўловларининг бир қисми ҳам Жамғармага келиб тушмоқда.  

Семинарда “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, 2021 йилда 20 минг 746 нафар эҳтиёжманд фуқарога 32 миллиард сўм, 2022 йил биринчи чорагида эса 3 минг 840 нафар фуқарога 7,1 миллиард сўмлик турли кўринишдаги ёрдам кўрсатилган.  Тадбир  якунида Навоий давлат педагогика институти талабалари ўртасида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати – миллий қадриятларимиз синови” мавзусида ўтказилган иншолар танлови ғолиблари ва институтнинг фаол профессор-ўқитувчилари тақдирланди. 


Абдували Бўриев, ЎзА