Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда хайрия ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг Рамазон ойини муносиб ўтказиш ва эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қарори мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши, шаффофлик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Хусусан, ижтимоий реестр асосида эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва рўйхатларни қайта кўриб чиқиш, давлат таъминотидаги ва кам таъминланган оилаларга манзилли молиявий ёрдамларни ўз вақтида етказиш каби масалалар хусусида сўз борди.
Бемор фуқароларни навбатсиз қабул қилиш ва даволаш ишларини ташкил этиш, маҳаллаларда кам таъминланган оилалар хонадонларида ифторлик тадбирларини ўтказиш ва диний-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ҳомийлар кўмагида кўрсатилаётган ёрдамларни манзилли ва шаффоф тарзда етказиш юзасидан топшириқлар берилди.

Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда ижтимоий муассасаларга моддий кўмакни кучайтириш лозимлиги айтилди.
Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш, реестр маълумотларининг қонунийлиги ва холислигини ўрганиш ҳамда барча жараёнларни оммавий ахборот воситалари орқали таъсирчан ёритиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Рамазон ойи давомида аҳолига яқин бўлиш, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА