Хосият Бобомуродова – камтар, камсуқум, самимий, заҳматкаш, ёшлар ижодига бефарқ бўлмаган, юртпарвар, элпарвар ижодкор.
Унинг шеърларида куйинчак оналарнинг ўй-хаёллари, жонфидолиги, юртпарварлиги, садоқати, қуёш тафтидек қайноқ меҳри мужассам. Устоз шоиранинг кўплаб шеърлари ажойиб қўшиқларга айланган. Сафия Сафтарова ижросидаги “Ватан ягонадир” шеъри бунинг яққол исботи.
– Хосият опа туйғуларини тантанавор айта оладиган меҳр одами, муҳаббат шоири, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, таниқли ижодкор Гулжамол Асқарова. – Унинг “Бир тунда сарғайди бир дарахт япроқ”, “Икки дунёда ҳам битта Самарқанд”, “Мен кузни севаман, куздан қўрқаман” каби сатрлари ёд бўлиб кетган. Устоз Ҳалимаи жаҳон “Муҳаббат мавзуида Хосият оташин ёзади”, дердилар. Дарвоқе, бу оташинлик ҳечам сўнмади, сўнмасин ҳам.
Чиндам ҳам, Хосият опанинг шеърларида меҳр, муҳаббат, ўзбек оналарига хос бўлган мардлик ва шижоат, қатъият, жўмардлик ва шу билан бирга, хокисорлик, хазинлик ва камтарлик яққол кўзга ташланиб туради. Бу жиҳатлар устоз шоиранинг инсонийлик фазилатларига уйғун экани билан диққатга сазовор.
Хосият опа мавқе мақоми, ёши, касб-кори, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар барчага бирдек самимий, оддий, қадрдонларча муносабатда бўлиши бугун кўпчилик учун ибрат намунасидир.
Халқимиз дилдан тилга кўчган самимий, ҳам ҳароратли сўзларни доим қадрлаб келган. Шу боис Хосият опанинг ижоди адабиёт мухлислари, юртдошларимизнинг доимий ардоғида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда эълон қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини оширишдаги хизматлари, меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан ислоҳотларда фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда алоҳида ибрат кўрсатаётган бир гуруҳ опа-сингилларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилгани эътиборга молик.
Устоз шоирамиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хосият Бобомуродова “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлгани миллий адабиётимизнинг барча мухлисларини қувонтиргани аниқ.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири