Ойларнинг султон деб таъриф берилган Рамазон поклик, сабр-қанот, меҳр-мурувват, саховат, шукроналик тимсолидир. Ушбу ойнинг саодати сабаб Сирдарё воҳасида ҳам Муборак Рамазон Ҳайити кенг миқёсда нишонланмоқда.
Бугун эрта тонгдан Сирдарё вилоятнинг 74 та жоме масжидларида Рамазон ҳайит намози ўқилди. Масжидлар ҳудуди ободонлаштирилиб намозхонлар учун барча шарт-шароитлар хозирланди. Ибодатда 84 мингдан зиёд намозхон қатнашди. Муборак рамазон ойида хайр-саховат тадбирлари ҳам мунтазам ўтказилиб, якка ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “VAQF” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят филиали томонидан амалга оширилган тадбирлар эътирофга сазовор бўлди.
– Фонд томонидан Муборак Рамазон ойида Сирдарё вилоятида истиқомат қилаётган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, ногиронлиги бор фуқаролардан 2000 нафарига, Чернобиль ҳалокатини бартараф этишда иштирок этган 100 нафарига 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, – дейди “VAQF” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят филиали раҳбари Ибодулла Азизуллаев. – Шунингдек, боқувчисини йўқотган, ногирон, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларнинг 4050 нафарига ифторлик дастурхонлари ёзилди.


Ифторликлар аввали ва сўнгида улуғ ойда ён-атрофдагиларга меҳр-саховат кўрсатиш, яқинлар ҳолидан хабар олиш катта савоб экани таъкидланди ва Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ривож тилаб дуо қилинди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев,(сурат) ЎзА.