Ислом оламида Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ой, ойлар султони ҳисобланади. Рамазон мўмин бандаларга Яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшикларини очиб берувчи нажот ойидир.
Президентимиз томонидан жорий йил 16 февраль куни имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарорида ҳам ушбу ойни “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси асосида чиройли ўтказиш, халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар амалга оширилди.
Вилоятдаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида таровеҳ намозлари ўқилади. Барча масжидларда, хусусан, Андижон шаҳридаги “Пистамазор” жоме масжидида ҳам намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган.
[gallery-27730]
Ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари муҳимдир. Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади? Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди” деганлар.
Динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас, у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин”, деб марҳамат қилганлар.
Шу боис ҳам, ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултим сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди”, деб марҳамат қилганлар.
Ушбу муборак ойда бандалар етимлар холидан хабар олиб, уларнинг ўксик қалбларини шод қилмоқлари ниҳоятда савобли амаллар сирасига киради. Бу борада ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир етимни кафолатини олса, бас, у мен билан жаннатда бирга бўлади”.
Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни рамазон ойини гўзал ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.
Хайрулло Сулаймонов,
Андижон шаҳридаги “Пистамазор” жоме масжиди имом-хатиби.
ЎзА.