Андижон вилоятида 2024 йил ҳосили учун август-сентябрь ойларида 6 минг 383 гектар пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилди. 33 минг 397 гектарда эса ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости экинлар етиштириш мўлжалланмоқда.
Фермер хўжаликларининг 4 минг 850 гектар майдонларига тўқсонбости экинлар, пиёз ва саримсоқпиёз экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозир қарийб 3 минг гектарда ишлар якунланди. Деҳқон хўжаликларида эса 14 минг 69 гектарга тўқсонбости экинлар, 401 гектарда пиёз ва саримсоқпиёз экиб бўлинди. Шунингдек, аҳолининг 20 минг 460 гектар томорқасида ҳам экиш ишлари якунланмоқда.
Ушбу экин майдонларидан 780 минг 350 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириб олиш режалаштирилган бўлиб, маҳсулотнинг 106 минг 630 тоннаси экспортга, салкам 78 минг тоннаси қайта ишлашга, 93 минг тоннадан ортиғи захирага ҳамда 502 минг 300 тоннаси ички истеъмол учун ишлатилади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида ер майдонларидан самарали фойдаланишда “Андижон мактаби” яратилган.
Қайд этиш керакки, деҳқончиликда “тўқсонбости” усули қадимдан қўлланиб келинади. Бу усулда экилган уруғлар 90 кунлик қишни қор остида ўтказади. Шу сабабдан ҳам бу усулни деҳқонларимиз "қорбости" ёки "тўқсонбости" деб аташади. Тўқсонбости усулида экиш совуққа чидамли сабзавотлардан эрта кўкламда арзон ва мўл сабзавотларни етиштириш имконини яратиш баробарида кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари танқис "илик узилди" пайтида витаминли маҳсулотлар билан ички бозор эҳтиёжини қоплайди, экспорт имкониятларини кенгайтириб деҳқонларни бойитади.
Ҳар бир деҳқон хўжалигида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, экинларни етиштиришда тежамкорликка амал қилиш, пировард натижада маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириб, даромадни кўпайтириш, бозор нархлари барқарорлигини таъминлаш асосий мақсад қилиб олинган.
Булоқбоши туманининг Учтепа, Зарғалдоқ маҳаллалари асосан пиёз ва саримсоқпиёз экинларини етиштиришга ихтисослаштирилган. Мисол учун, Булоқбоши тумани “Тошкечик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Асронова Дилфузахон 10 сотих ерда деҳқончилик қилиб, йилига ўртача 25 млн сўм даромад олмоқда.
Туманда 2024 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда 1 минг 725 гектар майдонларда пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларининг экилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 15 октябридаги “Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, Булоқбоши туманида саримсоқпиёзчилар уюшмаси ташкил этилган.
Мазкур уюшма жорий йилда 20 гектарда саримсоқпиёз етиштирди. Ҳозир мазкур жамият қошида 1 минг 500 тонналик музлатгичли омборхона қурилган бўлиб, унда 200 тонна маҳсулот сақланмоқда. Шунингдек, уюшма аҳоли ва фермер хўжаликларига саримсоқпиёз уруғи етказиб бермоқда. Бунинг учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2020-2021 йилларда Булоқбоши саримсоқпиёзчилар уюшмаси га 2 млрд 500 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб берди.
Уюшма ажратиб берилган маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида Россия Федерацияси билан саримсоқпиёз етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Шартнома асосида 2021 йилда 1 минг 200 тонна, 2022 йилда 1 минг 700 тонна маҳсулот етказиб берилди. Жорий йилда эса 1 минг 500 тонна маҳсулотни 2 млн доллар эвазига етказиб бериш борасида Россия Федерацияси билан шартнома тузилган бўлиб,маҳсулот босқичма-босқични етказиб берилмоқда.
Булоқбоши туманида кузги тўқсонбости экинларини экиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича семинар ўтказилди. Унда аҳолининг эртачи сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан пиёз, саримсоқпиёз, тўқсонбости экинларидан сабзи, ош лавлаги, кўкатлар, редиска ва карам кабиларни экиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилди.
Юқоридаги мақсадларга эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳозирдан ҳаракат қилиш, тўқсонбости экинларини ўз вақтида экиб, агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Хусусан, тажриба тариқасида “Маллабой” навли янги пиёз уруғларини экиш муддатлари, хосилдорлиги, агротехник тадбирлари бўйича ҳам тушунтириш берилди.
Ф.Набижонов,
Андижон вилояти Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.
ЎзА