English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнатсиз, ҳаракатсиз натижага эришиб бўлмайди, муҳими, гимнастика оммалашади
18:36 / 2022-12-27

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланаётган ҳар бир қарор ортида мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришдек орзуманд истаклар мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ҳам улуғ мақсадларга йўғрилган. Ушбу қарорнинг ҳар бир банди ижроси ўз вақтида таъминланармикан? Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Шаҳло Нарзиева билан кечган суҳбатимиз ҳам мазкур қарор мазмун-моҳияти хусусида бўлди.

– Бугун қабул қилинган қарор эртагаёқ натижа бермаслиги мумкин. Аммо бу, келажакдаги ютуқларнинг пойдеворини қўйиши шубҳасиз. Ўтган 3-4 йил оралиғида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, устувор спорт турларини оммалаштириш, спорт таълимини янги босқичга олиб чиқиш борасида, шунингдек, кураш, от спорти турлари, шахмат, дзюдо, бокс, қишки спорт турлари ривожини тизимли олиб бориш каби қатор ҳужжатлар имзоланди. Шу асосда зарур инфратузилма яратилди. Бунинг ортидан минглаб ёшлар оммавий спорт машғулотларига жалб қилинди. «Гимнастика спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши эса нафис спорт турлари бўлган гимнастика йўналишларини ривожлантиришда дастуриламал бўлади. Албатта, унинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши мутахассислар меҳнатига, талабчанлигига боғлиқ. Ўйлайманки, бу борада Ўзбекистон гимнастика федерацияси тегишли ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда зарур чораларни амалга оширади.

– Бир пайтлари юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларида бошланғич гимнастика машғулотлари устувор ҳисобланарди. Ҳозирги ҳолат қай кўринишда?

– Бир пайтлар бошқача қараш устувор эди. Боғчаларда, мактабларнинг бошланғич синф дарсларида гимнастика машғулоти асосий ўринда турарди. Деярли барча боғчалар ўз гимнастика зали ёки ҳеч бўлмаса, бурчагига эга бўларди. Ўтган йиллар мобайнида биз бундай қарашлардан нафақат узоқлашдик, ҳаттоки мактабгача таълим муассасаларга жажжи фарзандларимиз учун зарарли бўлган жанговар йўналишларни, ёт қадриятларни сингдиришгача бордик. Ушбу қарор асосида мактабгача таълим масканларини гимнастика машғулотлари билан қамраб олиш назарда тутилганлиги айни муддао бўлди. Мактабга таълим масканларида гимнастика машғулотларига қизиқиш катта. Аммо, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, ушбу масалага янада кўпроқ эътибор қаратишимиз, ушбу тизимни такомиллаштиришимиз, мактабгача ёшдаги болаларнинг гимнастика спорт турлари билан шуғулланишлари учун кенг имкониятларни яратишимиз, кўникмаларини шакллантиришимиз, замонавий услубият билан таъминлашимиз зарур бўлади.

– Сиз раҳбарлик қилаётган мактаб учун ушбу қарор қандай янги уфқларни очади?

– Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби мамлакатимизда соҳага оид ягона ўрта махсус билим юрти бўлиб, 60 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда турли ёш тоифасидаги 52 нафарга яқин маҳоратли спортчиларни тайёрламоқдамиз. Уларнинг 21 нафари гимнастика спорт турлари бўйича миллий ва ёшлар терма жамоасининг аъзолари ҳисобланади. Улар ўтган йиллар мобайнида «Токио-2020» Олимпиадасида, Туркия ва Россияда ўтган «Ислом бирдамлиги» ва «Осиё болалари» ўйинларида қатнашиб, ватанимиз шуҳратини улуғлашга ҳисса қўшишди.

Ушбу қарорнинг жорий этилиши халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришадиган спортчилар сафининг кенгайишига хизмат қилади. Авваллари ҳар бир спорт тури бўйича 3-4 нафар спортчи орасидан истеъдодли спортчилар сараланган бўлса, келажакда қарорда белгиланган вазифалар ижроси натижасида 7-8 нафар спортчи орасидан муносиблар танлаб олинади. Албатта, қарорда устувор масалалардан бири сифатида республикамизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган ёш, истеъдодли, интилувчан ёшларимизга гимнастика билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратиш, истиқболли спортчиларни кичик ёшда аниқлаш ва махсус спорт таълими муассасаларда тайёрлаш белгиланган. Шу мақсадда Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техник ва ўқув-машқ базасига эга ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, қобилиятли ёш спортчиларни танлаб олиш ҳамда уларни терма жамоаларга номзод сифатида тайёрлаш назарда тутилган. 

Гимнастика марказлари ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси сифатида ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлаши кўзда тутилган.

– Кейинги йилдан мамлакатимизда қарор асосида гимнастика спорт турлари бўйича бир қатор халқаро турнирлар ўтказилиши белгиланган. Бу, катта саъй-ҳаракатни, меҳнатни талаб этади. Шундай эмасми?

– Меҳнатсиз, ҳаракатсиз натижага эришиб бўлмайди. Муҳими, гимнастика оммалашади. Жаҳон спорт жамоатчилиги Ўзбекистон спортини янгича қутбда кўра бошлайди. Қарор асосида гимнастика спорт турлари бўйича бир қатор нуфузли мусобақаларга асос солиниши, гимнастика йўналишларининг аҳоли ўртасида оммалашишига туртки бўлади. Бундан ташқари, бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасидаги «Ёрқин юлдузча», катталар ўртасида “Grand Prix Uzbekistan” халқаро турнири, спорт гимнастикаси бўйича «Духоба йўл» халқаро турнири, трамполин бўйича «Самодан баланд» халқаро турнири, “Gymnastics Day” каби мусобақалар туфайли мамлакатимизга хориждан юзлаб спортчилар, мураббийлар келади. Айни ҳолат мамлакатимизда спорт туризми ривожланишига ҳисса қўшиши билан ҳам аҳамиятли.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА