Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани Меҳнатобод маҳалласидаги 3-умумтаълим мактабининг 180 ўринли ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими Абдулла Маматқулов мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ёш авлоднинг сифатли таълим-тарбия олишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда янги қиёфадаги мактаблар барпо этилиб, жиҳозланаётгани, шунингдек, ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётганини алоҳида қайд этди.


Айни пайтда мактабда 320 нафар ўқувчига 40 га яқин малакали ўқитувчи ва мураббий таълим-тарбия бермоқда. “Chiroy Muzrabot qurilish” хусусий корхонаси қурувчилари замонавий қиёфада бунёд этган таълим муассасасида устозлар ва ўқувчилар учун барча шароит яратилган. Кенг, ёруғ ўқув хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.


Жорий йил туманда олтита умумтаълим мактаби биноси тубдан реконструкция қилиниб, 9 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири