Сирдарё вилояти сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг академик эшкак эшиш бўйича мураббийси Краснов Анатолий Викторович Президентимизнинг 2023 йил 30 июндаги қарорига мувофиқ "Мард ўғлон" Давлат мукофоти билан тақдирланди.

–Киндик қоним тўкилган Ўзбекистонимни ҳеч қандай юртга алишмайман, – дейди А. Краснов. –Меҳнатларим зое кетмади. Ватанимда қадр топдим.
Анатолий Краснов 1994 йилда Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида туғилган. У 2017 йилнинг сентябрь ойидан буён Сирдарё вилояти Сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг академик эшкак эшиш спорт тури бўйича тренер-ўқитувчиси вазифасида ишлайди.

А.Краснов меҳнат фаолияти давомида бир қанча истеъдодли спортчиларни тайёрлади. Жумладан, унинг ўқувчи-спортчилари Келдибеков Муҳаммадқодир, Собиржонов Шерзодбек, Бойзоқов Камолжон, Ахунжанов Шоҳжаҳонлар бир неча карра Ўзбекистон чемпионати ҳамда кубоги мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган. А.Краснов академик эшкак эшиш спорт тури бўйича “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвони соҳибидир. У кўпгина Республика ва Халқаро спорт мусобақалари ғолиби ҳамда совриндори ҳисобланади.

Шуҳрат Суяров, ЎзА.