French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнатлари эътироф этилган олим
15:32 / 2025-09-24

Олимлар — туну кун изланишдан, меҳнатдан тўхтамайдиган, илм йўлидаги машаққатларни писанд қилмайдиган инсонлар. Уларнинг заҳматли меҳнатлари само сирларидан бизни огоҳ қилади, ер қаърига беркинган тарихни жонлантиради.

Ана шундай олимлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Аҳмадали Асқаров.
Бугун олимнинг меҳнатлари юксак эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, юртимизнинг бой тарихини ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган катта ҳиссаси, иқтидорли олимларни тайёрлашдаги ибратли фаолияти учун Тошкент давлат педагогика университети профессори, академик Аҳмадали Асқаров “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Фанлар академиясида олим таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб
ўтказилган халқаро илмий конференцияда мазкур мукофот тантанали топширилди. 

Шундан сўнг, академик Асқаровнинг археология фанидаги беқиёс хизматлари, Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихининг ўрганилишига қўшган ҳиссаси ҳамкасблари ҳамда шогирдлари томонидан алоҳида эътироф этилди.

—Аҳмадали Асқаров нафақат шогирдларига, балки тарихга қизиққанлар, талабалар, магистрларга билим бериб, тўғри йўлни кўрсата олади, — дейди олимнинг шогирди Тошкент Амалий фанлар университети профессори Нигора Эгамбердиева. — Шу жиҳатдан ҳам устозни том маънода ҳамма қадрлайди. Устоз Ўзбекистон тарихи фанига ҳам катта янгиликлар киритган. Шулардан энг муҳими Ўзбекистон давлатчилиги тарихи даврини 4 минг йиллик деб белгилаб берди. Бу, ўз навбатида Ўзбекистон тарихи фанида энг катта туб бурилиш ҳисобланади. Аҳмадали Асқаров бутун илмий фаолияти давомида академик Я.Ғ.Ғуломов археологик илмий мактабининг изчил давомчиси сифатида археолог кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор бериб келди. Унинг шахсий ташаббуси билан Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск каби йирик марказларида ўнлаб ўзбекистонлик ёш мутахассислар таҳсил олди.

[gallery-25433]

Шунингдек, олий ўқув юртлари учун 2 та дарслик, 4 та ўқув қўлланмаси, 8 та ўқув-услубий ишлар, ўрта мактаб 5-синф тарих фани ўқитувчилари учун қўлланма тайёрлаб чоп этди. Ушбу қўлланма қорақолпоқ, рус, тожик, қирғиз ва туркман тилларига таржима қилиниб, кўп нусхада мактабларга етказилди. Аҳмадали Асқаров саъй-ҳаракатлари ва бевосита раҳбарлигида 1994 йилда «Ўзбекистон тарихи»дан ўрта мактабларнинг 6-9 синф ўқувчилари учун дарслик-қўлланмалар тайёрланиб, улар А.Асқаров таҳрири остида кўплаб нусхада нашр этилди. Жорий йилда эса ўрта мактабнинг 5-синфлари учун “Тарихдан ҳикоялар” номли дарслик яратди.

Олимнинг бу каби меҳнатлари эътироф этилиши ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб, уларни илмга қизиқтириш, изланишга ундаш ҳамда илм аҳлига бўлган ҳурмат ва эътиборни кучайтиради.

Нигора Раҳмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА