Наманганда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами арафасида вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда юртимизда кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, катта ҳаёт тажрибаларини ёш авлодга ўргатишдаги ибратли фаолиятларини рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги фахрийлар муносиб тақдирланди. Уларнинг 25 нафари биринчи даражали, 23 нафари эса иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибига айланди.


– Ёшим 74 да, қирқ йилдан зиёд таълим соҳасида меҳнат қилганман, фарзандларимни ҳам зиёли, элга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбияладим, – дейди Наманган шаҳридаги Заркент маҳалласида истиқомат қилувчи Тожихон ая Иномова. – Пенсионерман, уйда дам олишим керак, деб жамиятдан узилиб қолган эмасман. Маҳалла ишида раисдан тортиб, хотин-қизлар фаолигача ўз маслаҳатларим билан кўмаклашиб тураман. Асосийси, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, қўйди-чиқди каби можароларни бартараф этиш ҳақида кўп қайғурамиз. Ёшларни ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган кексалар қаторидан эканимдан, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан хурсандман.


Байрам тадбирида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА