Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади, дейишади. Юртимиз аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Албатта, улар учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Аёлларимиз эса бу эътиборга ўз меҳнатлари билан “лаббай”, деб жавоб бермоқда.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси темирчилик-пресслаш цехи темирчилик-пресслаш участкаси манипулятор, пресс ва болға машинисти Зулфия Аҳмедова ҳам ўз меҳнати билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизлардан бири. У 38 йилдирки турли соҳаларда меҳнат қилиб, ишлаган жойида ҳурмат-эътибор қозониб келмоқда.
З.Аҳмедова 1968 йил 30 июнда Навоий шаҳрида оддий ишчи оиласида туғилган. Отаси Раҳмон бобо Бобоқулов Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Уй жой-коммунал бошқармасида кўкаламзорлаштирувчи, онаси Хадича ая Астонова эса “Навоийазот” акциядорлик жамияти “Химик” меҳмонхонасида фаррош эди.
– Ота-онам оддий инсонлар эди. Биз беш фарзандни ҳалол луқма билан боқиб, гарчи шаҳарда яшасакда меҳнатсевар қилиб тарбиялаганлар, – дейди қаҳрамонимиз. – Дастлаб иш фаолиятимни 1985 йилда Навоий пахта заводи марказий бухгалтериясида бошлаганман. Олий ўқув юртида ўқий олмаганлигим сабабли турли ташкилотларда ишлашимга тўғри келган. Кези келса шифохонада “санитарка” бўлиб ҳам ишлаганман. 2001 йилдан 2009 йилгача эса “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасида фаррош бўлиб ишладим.
Халқимизда “Меҳнат кишини улуғлайди”, деган ибратли нақл бор. Дарҳақиқат, киши қайси касбда ишламасин, ҳалол ва виждонан ишласа, жамоаси, эл-юрт орасида ҳурмат эътибор қозонади. Зулфия опа 2009 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси темирчилик-пресслаш цехи темирчилик-пресслаш участкасида манипулятор, пресс ва болға машинисти бўлиб самарали меҳнат қилиб келмоқда.
“Навоий машинасозлик заводи” мамлакатимиздаги энг йирик машинасозлик корхоналаридан бири бўлиб, айни пайтда 3441 нафар ишчи ва ходимлар меҳнат қилиб келмоқда. Бугун “НМЗ” бренди билан ишлаб чиқарилаётган металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик автомобиллар учун мураккаб деталлар ва бошқа юқори сифатли маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз корхоналари, балки хорижий давлатларга ҳам етказиб берилмоқда.
Темирчилик-пресслаш цехи “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасининг энг асосий бўлинмаларидан бири. Цех жамоасининг асосий вазифаси маҳсулотларни болғалаш ва штамплаш, цехларга ярим тайёр маҳсулотларни етказиб беришдан иборат.
З.Ахмедова Темирчилик-пресслаш цехи жамоаси ўртасида катта обрў-эътиборга эга ходимлардан саналади. У меҳнат фаолияти давомида кўпгина ёшларга мураббийлик қилиб, ўзининг бой тажрибасини ўргатиб келмоқда.
– Зулфия фидойилиги, зиммасига юклатилган вазифага астойдил ёндошиши ва юқори касбий маҳорати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Аёллар кенгаши раиси Сабоҳат Назарова. – Бирлашмада ишлаш даврида у ўзини ижобий томондан меҳнатсевар, ташаббускор, ишчан ходим сифатида кўрсатди. У доимо касб малакасини ва маҳоратини оширган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнида самарали меҳнат қилиш билан бирга корхонада ўтказиладиган маънавий-маърифий йўналишдаги ишларнинг фаол иштирокчисидир.
Зулфия Аҳмедова бирлашмада “Корхона-коллеж” ҳамкорлиги доирасида касб-ҳунар коллежлари ва мактаблари ўқувчиларининг амалиётига раҳбарлик қилиб, уларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг кўп йиллик ҳалол меҳнати “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбарияти томонидан Фахрий ёрлиқлар билан тақдирлангани бунинг исботидир.
Бу йилги 8 март арафасида эса Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида” ги фармонига кўра, “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси темирчилик-пресслаш цехи машинисти Зулфия Аҳмедова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Бу оддий оиланинг меҳнаткаш қизига берилган улкан баҳодир.
Абдували Бўриев,ЎзА