Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнати қадрланган, эътироф этилган кишининг ўзига бўлган ишончини янада ошади
17:54 / 2022-01-18

Ҳошим Раҳимов Бухоро вилоятида илғор тажрибага эга салоҳиятли педагог. Муаллим айни кунда Ғиждувон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида математика фанидан ёшларга сабоқ беради. Қарийб 38 йиллик педагогик фаолиятга эга бўлган фидойи устоз ҳамиша замон билан ҳамнафас, ўз устида тинимсиз изланади.

 Устоз муаллифлигида 21 та ўқув-услубий қўлланма ва 30 дан зиёд электрон дарс ишланмалари яратилган. Жумладан, “Номаълум модуль белгиси остида қатнашган тенглама ва тенгсизликларни ечиш усуллари”, “Квадрат тенгламаларни ечишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Математика фанидан мураккаб мавзулар учун кўргазмали воситалар яратиш” мавзуларидаги ўқув-услубий қўлланмалари вилоят миқёсида оммалаштирилган. Фаолиятининг охирги 2 йили муаллим учун ниҳоятда самарали кечди. 2020 йилда иқтидорли ўқувчиларидан бири – Диёрбек Толибов Қозоғистонда ўтказилган Халқаро Жаутиков олимпиадасида қатнашиб, бронза медалини қўлга киритди. 2021 йил олтин медаль соҳибига айланди.

Шу йили у Россиянинг Петербург шаҳрида бўлиб ўтган 62-халқаро математика олимпиадасида ҳамда Кавказ халқаро олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлди. Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган иқтидорли ўқувчининг муваффақиятида алоҳида хизматлари сингган устоз Президентимиз фармонига мувофиқ, тўғридан-тўғри олий малака тоифасига эга бўлди. 2020 йилда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ўқитувчилар қаторида Ҳошим устоз ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. 2021 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. 

– Меҳнатининг муносиб қадрланиши, эъзоз топиши, эътироф этилиши кишининг ўзига бўлган ишончини кучайтиради, унга янгича куч-ғайрат бағишлайди, – дейди Ҳошим Раҳимов. – Мамлакатимизда ўқитувчилар нуфузини ошириш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани мен сингари оддий мактаб ўқитувчиларининг фаолиятини яна кучайтирди. Бир пайтлари маош камлиги туфайли касбини тарк этган эркак ўқитувчилар ҳам мактабларга қайта бошлади. Ўзим ҳам анча йиллар арзимаган маош эвазига қийналиб ишлаганман. Бугун эса минг доллардан ошиқроқ маош оляпман. Рўзғоринг бут, кўнглинг хотиржам, фаолиятингга халал берадиган ташвишлардан ҳоли бўлсанг ишингда унум бўлади. Мен шу озод ва обод Ватаннинг эртаси учун хизмат қилаётган ва меҳнатидан эъзозу эътибор топаётган муаллими эканлигимдан фахрланаман.  



Зариф Комилов, ЎзА