Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнати ортидан ҳурмат қозонган чилангар
12:40 / 2025-11-19

Орамиздаги замондошларимиз

“Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими авария бригадаси чилангари Фарҳод Отақулов 33 йилдан буён чилангарлик касбини улуғлаб келмоқда. У куз-қиш мавсумида масъулият ҳисси яна бир карра ошишини яхши билади. Қаҳрамонимиз газ сизиб чиқиш ҳолатлари ёки бошқа газ билан боғлиқ носозликлар кузатилганда чақирув қабул қилиб, тезкорлик билан айтилган манзилга етиб боради. Ҳолат бартараф этилгач, истеъмолчига табиий газ ва газ жиҳозларидан тўғри ҳамда хавфсиз фойдаланиш, бепарволик эса ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмаси чақнаши каби кўнгилсиз воқеларга сабабчи бўлишини атрофлича тушунтиради.  

Албатта, газчилар учун куз-қиш мавсуми ҳар қачонгидан-да масъулиятли палла ҳисобланади. Бу вақтда истеъмочиларга табиий ва суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш, аҳоли мурожаатларини тезкор бартараф этиш муҳим саналади. Аслида, улар йил 12 ой – 24/7 режимида иш фаолиятини олиб боради. Айниқса, авария бригадалари газ билан боғлиқ тасодиф ҳолатларда фуқарога кўмак бериш мақсадида доимий тайёргарликка эга бўлиши керак.  

Бугунги кунда “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлимида ҳам куз-қиш мавсуми учун авария захиралари шай ҳолатга келтирилган. Авария диспетчерлик машинаси барча зарур жиҳозлар, 45 турдаги воситалар билан таъминланган. Бу эса куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган авариялар, газ сизиб чиқиш ҳолатлари ва бошқа ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган амалий ҳаракатлардир.  

– Кунига ўнтагача чақирувлар бўйича айтилган манзилга етиб борамиз, – дейди Ф.Отақулов. – Бугун эрталаб ҳам шаҳардаги маҳаллалардан бирида электрон газ ҳисоблаш ускунасидан газ сизиб чиқаётганлиги ҳақида чақирув олдик. Айтилган манзилга бориб, газ сизиб чиқиш ҳолатини бартараф қилдик. Ишимиз жуда масъулият ва ҳушёрликни талаб қилади. Гоҳида қишда авария ҳолатлари рўй бериб, ярим кечгача газ қувурларини таъмирлаш ишлари билан банд кунларимиз ҳам бўлган. Аҳолига табиий газни етказиб бериш, уларга қулайлик, яхши шароит яратишга ҳиссамиз қўшилаётганини ўйласам ишдаги қийинчиликлар унутилади. Касбимдан фахрланаман, чилангарликни танлаганимга ҳеч қачон афсусланмаганман.  

Ўттиз уч йил. Аслида бу вақт ортида Ф.Отақулов каби чилангарларнинг меҳнатга, сабрга, матонатга, содиқликка тўла иш фаолияти, залворли умр йўли бор. Бу йиллар чилангарнинг матонатини, касбига бўлган жонкуярлигини синовдан ўтказган. Бугун ана шу меҳнатсеварлик сабаб Фарҳод Отақулов жамоада ҳам обрўга, ҳурматга эга инсонлардан бири. Оилада эса икки қизнинг отаси, уч нафар набиранинг севимли бобожониси.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири